Булунғурда 1030 та хонадонга мўлжалланган 53 та кўп қаватли тураржой бинолари қурилади
Халқ депутатлари Булунғур тумани Кенгашининг 48-сессиясида сектор раҳбарлари, депутатлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияда туман ҳокими Баҳодир Баҳромовнинг Булунғур туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар якунлари ҳамда 2022 йилги вазифалар юзасидан туман аҳолисига мурожаати тингланди.
Йил якунларига бағишланган мурожаатда энг муҳим жиҳат — аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантиришга кенг ўрин берилган.
Хусусан, бугунги кунда туманда 11 ой якуни билан 398 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, беш юздан ортиқ янги иш ўринлари яратилган. Тижорат банклари томонидан 2021 йилда аҳолининг бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий дастурларга жами 34 миллиард 338 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилган.
Туманда аҳолини иш билан таъминлаш дастури бўйича йил давомида 3 минг 638 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланган. 73 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 511 та, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига 145 та, янги кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этиш ҳисобига 1194 та янги иш ўринлари яратилган.
Туманда аҳолини доимий тураржой билан таъминлаш мақсадида замонавий массивлар бунёд этиляпти. Туманнинг Олмазор маҳалласидаги Ғўбдин массивидан бешта 5 қаватли 100 та хонадонли тураржой бинолари қурилиши учун 16 миллиард 161 миллион сўм маблағ ажратилган.
2022 — 2024 йилларда 53 та беш қаватли 1030 та хонадонга мўлжалланган тураржой бинолари қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, ушбу массивда учта мактабгача таълим муассасаси, иккита умумтаълим мактаби, 110 ўринли меҳмонхона, истироҳат боғи, поликлиника, 5 та спорт комплекси, коворкинг маркази, жоме масжид ҳамда 5 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилади.
Албатта, ушбу янги шаҳарча туман аҳолисининг тураржойга бўлган эҳтиёжларини қондиришда муҳим ўрин тутади, қолаверса, бу ҳудудда янги иш ўринларига имконият яратади.
Абдулазиз Йўлдошев, Халқ сўзи.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг