Булоқбошида бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда
Фото: Халқ сўзи
Жаннатмонанд заминимизда табиати сўлим масканлар жуда кўп. Ана шулардан бири Булоқбоши тумани бўлиб, у қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегара ҳудудда жойлашган. Андижон вилоятининг энг кенжа, шу билан бирга ҳудуд жиҳатидан энг кичик мазкур туманида сайёҳлик салоҳиятини ошириш, узумчиликни ривожлантириш борасидаги ишлар кўлами йилдан-йилга ортмоқда. Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг бандлиги таъминлаш, томорқачиликни ривожлантириш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган, десак янглишмаймиз.

Айни пайтда Булоқбошида ҳам бунёдкорлик ишлари авж паллада.
— Туманимизда бунёдкорлик соҳасидаги ишларни амалга оширишда давлатимиз раҳбарининг «2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда, — дейди туман ҳокимлигининг қурилиш соҳаси бўйича бош мутахассиси Темурмалик Қодиров. — Қарор ижросини таъминлаш доирасида 13,98 млрд. сўмлик қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Саъй-ҳаракатларимизнинг барчаси туманимиз аҳолиси манфаатларига қаратилгандир.
Туманда аҳоли сонининг ортиши айрим эҳтиёжларнинг юзага келишига сабаб бўляпти. Масалан, Ширмонбулоқ қишлоғидаги 22-умумтаълим мактабини олайлик. Шу пайтгача қишлоқнинг 500 нафардан зиёд ўқувчилари учун ягона таълим масканига айланган ушбу мактаб 220 ўринли бўлиб, ўқишлар бир неча сменада ташкил қилинганди. Ҳозирда бу ерда «Нетал кондар» МЧЖ томонидан таъмирлаш ва қўшимча ўқув биносини қуриш ишлари олиб бориляпти, ўқувчи-ёшлар ва ўқитувчилар учун замонавий шароит яратилмоқда. Қурилиш материаллари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган бўлиб, бугунги кун талабига тўла жавоб беради. 5 млрд. 445 млн. сўмлик лойиҳа асосида барпо бўлаётган манзилда қўшимча 330 ўринли ўқув биноси қад ростламоқда. Бир сўз билан айтганда, ширмонбулоқлик ёшлар янги ўқув йилини муносиб совға билан қарши оладилар. Бу каби саъй-ҳаракатлар 10-мактабгача таълим ташкилоти, «Ойдинкўл» ҳамда «Баққол» коллекторларида ҳам давом этяпти.
Туманнинг энг аҳоли гавжум «Бозорбоши» МФЙда эса ободонлаштириш ишлари қизғин тус олган.
— Қишлоғимиз Булоқбоши, Марҳамат, Асака, Андижон туманлари ва Андижон шаҳрига ёндош бўлгани боис ниҳоятда гавжум, — дейди «Бозорбоши» МФЙда яшовчи меҳнат фахрийси Сайёра опа Ҳамидова. — Айни шу жазирамада ҳам ишни тўхтатмай, қишлоғимизни обод қилаётган инсонларга раҳмат деймиз.
Юрт ободлигини таъминлаш, аҳоли турмуш шаротини яхшилаш, бир сўз билан айтганда, ҳудудларни комплекс ривожлантиришда «Обод қишлоқ» давлат дастурининг аҳамияти катта бўлмоқда. Дастур доирасида Булоқбошида 29,1 млрд. сўм маблағ ҳисобидан «Учтепа» ва «Тинчлик» МФЙларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш, қурилиш-таъмирлаш шлари олиб бориляпти. Жумладан, 15 км. масофадаги ички йўлларни асфальтлаш, бетонлаш ва шағаллаш давом этмоқда. 16,3 км. масофага электр тармоғини тортиш ва таъмирлаш режалаштирилган бўлса, 230 та устун темир-бетон таянчларга алмаштирилмоқда. Қолаверса, 11 та трансфарматорни таъмирлаш ва янгилаш жараёни ҳам якунига етиб қолган. Ичимлик суви таъминотини барқарорлаштириш мақсадида 21,5 км масофага сув қувурлари тортилмоқда, битта сув қудуғи қурилмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг