Бухоролик ёшларнинг 10 нафарига мотокультиватор олиб берилди. Нега?
Жорий йилнинг 8 апрель куни давлат раҳбари томонидан ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш лозимлиги, йилига 2-3 марта ҳосил олаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, аксинча, шундай имкониятдан фойдалана олмаётган хонадонларга ер солиғини ошириш борасида аниқ топшириқлар берилган эди.
— Шундан келиб чиқиб,давлат солиқ органлари томонидан вилоятда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда, — дея бизга хабар берди Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасининг матбуот хизмати раҳбари Баҳодир Файзиев. — Чунончи,давлат солиқ хизмати ходимлари бошчилигида, маҳалла, ички ишлар, банк, бандлик бўлимлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Гуруҳ аъзолари кўчама-кўча ва қишлоқма-қишлоқ юриб, томорқалардан самарали фойдаланиш билан боғлиқ ишларни ташкил этмоқдалар.
Хусусан, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида вилоятда “Томорқачига кўмакчи”акцияси доирасида йўлга қўйилган янгича иш услуби самарали бўляпти. Унга кўра, жойлардаги кам таъминланган оила вакиллари, 30 ёшгача бўлган ишсиз ёшларнинг томорқа хўжалигида бандлиги таъминланмоқда.
Куни-кеча Ромитан, Пешку ва Бухоро туманидаги ана шундай 10 нафар ишсиз ёшларга қишлоқ хўжалик минитехникалари (мотокультиватор) олиб берилди.

— “Томорқачига кўмакчи” акциясидан кўзлаган мақсадимиз кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини фойдали ижтимоий меҳнатга жалб қилишдан иборат, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуров. — Ушбу ёшлар энди ишчи гуруҳи томонидан аниқланган қаровсиз томорқа ерларини тартибга келтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор оилаларга томорқа ишларида ёрдам бериш, шунингдек, беда экилган ерларнинг ярмини бузиб, экин экишга тайёрлаш билан шуғулланадилар. Бу ёшларга Аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлимлари томонидан ойлик маош ҳам тўлаб борилади. Экин экиш ишлари тугагач, ушбу қишлоқ хўжалиги техникалари ёшларнинг ўзларига текинга берилади.
Ромитан тумани Шўробод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳаммадали Набиев шу пайтгача бир неча бор совуқ ўлкаларга иш излаб борган, аммо омади юришмай уйга қайтишга мажбур бўлганди.Айни пайтда ҳам ишсиз. 4-сектор раҳбари Муҳаммадали Набиевнинг оилавий аҳволини ўрганиб, уни “Томорқачига кўмакчи” акцияси доирасида ишга таклиф қилди.
— Отам ғишт заводида меҳнат қиладилар, онам уй бекаси, — дейди “Томорқачига кўмакчи” акцияси доирасида ташкил этилган отрядга қўшилган Муҳаммадали Набиев. — Тўғриси, шу иш билан шуғулланиш ниятим ҳам йўқ эмасди. Лекин маблағимиз йўқлиги боис, ёлланиб ишлашга мажбур эдим. Ушбу акция менинг ҳаётимни ўзгартириб юборди. Кимларгадир кераклигингни ҳис этиб яшаш бошқача бўлар экан.
Пешкулик Жўрабек Туйғуновга ҳам 4-сектор ишчи гуруҳининг таклифи маъқул бўлди.
— “Томарқачига кўмакчи” акцияси доирасида ташкил этилган отряд аъзоси бўлганимдан фахрланаман, — дейди Жўрабек Туёғунов. –Чунки бир вақтнинг ўзида ҳам мотокультиваторлик, ҳам кунлик ва ойлик даромадлик бўлдим. Шу тариқа оиламга, ота-онамга ёрдамим тегмоқда.Бундан хурсандман.
Аҳамиятли томони ишга жалб қилинган ушбу ёшларнинг ёнига иш излаб юрган яна бир нафардан тажрибали фуқаролар жалб қилиниб, уларнинг ҳам иш билан бандлиги таъминланди. Бунинг натижасида улар отряд усулида бугуннинг ўзида 50 сотихдан ортиқ аҳоли томорқаларини ҳайдашни бошлаб юборишди.
Шу ўринда қишлоқ жойларида мотокультиватори бор фуқаролар аҳоли томорқасининг ҳар бир сотиғини 15 минг сўмдан ҳайдаб бераётганини инобатга олсак, ушбу ёшлар кунига 10 сотих ер ҳайдаса 150 минг сўм, ойига 4 ярим миллион сўм ишлаб топишлари мумкинлигини таъкидламоқчимиз.Бундан ташқари, уларга Аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлимлари томонидан 750 минг сўмдан ойлик маош ҳам берилади.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида “Томорқачига кўмакчи” акцияси доирасидаги ишларни давом эттирмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг