Бухоролик халқ амалий санъати усталари Францияда ўз маҳоратини намойиш этади

14:58 02 Февраль 2024 Жамият
493 0

Франциянинг Верден-сюр-Гарона шаҳрида шу йилнинг 6 – 11 февраль кунлари “Ўзбекистон бойлиги. Буюк ипак йўлида” деб номланган ўзбек маданияти фестивали ўтказилади. Ушбу мамлакатда фаолият юритаётган “МАКОSH” ассоциацияси томонидан Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси қўллаб-қувватлаши ва Верден-сюр-Гарона шаҳри мерияси ҳамда ижодиёт уйи ҳамкорлигида ташкил этилаётган тадбирда бир гуруҳ бухороликларнинг қатнашиши кўзда тутилган.

Улар орасида Бухоро шаҳридаги “Абру баҳор” тасвирий санъат маркази раҳбари, Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси Раҳим Ҳакимов, дизайнер Наргиза Маърупова, кандакор Ислом Муҳсинов, заргар Шодмон Саидмуродов, “Pilgrim travel” сайёҳлик агентлиги таъсисчиси Акмал Раҳмоновларни кўриш мумкин.

— Франциялик санъат ихлосмандларидан саналган Анна Каро устахонамизда бўлиб, ижодий ишларимиз билан яқиндан танишган эди, — дейди рассом Раҳим Ҳакимов. — Меҳмонга айниқса, “Абрў баҳор” санъатининг янги замонавий йўналишидаги асарларим катта таассурот қолдирди. У Францияда ўтадиган ушбу фестивалга бошқалар қатори мени ҳам таклиф этди. Бу тадбирга алоҳида тайёргарлик кўрдим. “Абрў баҳор” услубидаги 70 та асаримни олиб бораяпман. “Самовий рақс”, “Кўприк”, “Куй, ғазал...” каби картиналар шулар жумласидан.

— Фестиваль дастурига кўра, Верден-сюр-Гарона шаҳри маъмурияти билан учрашув ташкил этилади, — дейди фестиваль қатнашчиларидан бири, “Ипак йўлидаги карвонсаройлар” француз ассоциациясининг Бухородаги филиали директори ўринбосари Ирина Мавланова. — Ўзбекистоннинг бой маданий -маънавий мероси, туристик салоҳияти тақдимоти ўтказилади. Бухоролик халқ амалий санъати усталарининг ижодий ишлари савдо-кўргазмаси, модалар намойиши уюштирилади. Мулоқотлар ташкил қилинади. Ўзбек миллий таомлари, хусусан, палов ва чойдан татиб кўриш маросими ўтказилади.

Табиийки, бухоролик меҳмонларга мезбонлар махсус маданий дастур ҳам тайёрлашган. Унга кўра, юртдошларимиз учун пишлоқ татиб кўриш маросими уюштирилади. Улар Тулуза шаҳридан 40 километр олисда жойлашган, қадимий гўша — Верден-сюр-Гаронанинг диққатга сазовор жойларини томоша қиладилар.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер