Бухородаги тарихий биноларнинг эгаси борми?

18:21 01 Январь 2022 Жамият
1763 0

Фото: «Халқ сўзи»

Кўҳна Бухоронинг бошқа тарихий шаҳарлардан ажралиб турадиган жиҳатларидан бири тарихий ёдгорликларнинг бениҳоя кўплигидир. Айрим манбаларда улар сони 800 атрофида эканлиги айтилади. Лекин шундай иншоотлар борки, улар баъзи сабабларга кўра, давлат муҳофазасига олинмаган.

Шу ўринда бир мисол. Бундан бир йилча муқаддам газетамизнинг расмий сайтида эълон қилинган “Қадимий қабр ёнидаги ҳожатхона” сарлавҳали мақолани тайёрлаш жараёнида 30-сонли мактабгача таълим муассасаси биносига ёндош жойда ноёб наққошлик санъати намуналари билан безатилган, аммо қаровсиз ётган, кўздан панадаги тарихий обидани учратгандик. У маданий мерос объектлари рўйхатида эмаслигини эшитиб ажабланган эдик.

Кеча эса Бухоро давлат музей-қўриқхонаси тарих бўлими мудири Ўктамали Равшанов қўнғироқ қилиб, таҳририятимиздан кўмак сўради. Қуйида бу жонкуяр мутахассиснинг фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

“Бухоро асрлар давомида тарихни ўз бағрида асраб келган шаҳардир. Наршахийнинг ёзишича, Бухорода 937 йилда шундай ёнғин содир бўладики, бухороликлар бошқа бундай биноларни қура олмаганлар. Ҳатто Чингизхон Бухорони эгаллаган вақтида Минораи Калонни буздирмаган. 1920 йилда Фрунзе бошлиқ босқинчилар Бухоро устида аэропланлар билан бомбалар ташлаб, шахарни бузишга уринишди. Катта талафот кўрилди. Аммо Бухоро ўзлигини сақлаб қолди.

Энди у кунлар ортда қолди. Энди қадимий шаҳар турли талофатлардан холи, унинг биргина тоши ҳам ўз ўрнидан бежиз қўзғатилмайди. Ҳа, бу шукроналик ўй-хаёллари. Аммо ҳақиқатда шундайми? Ёки бугун ҳам унинг бағрини тилувчи, асрлар изини йўқотувчилар топиладими? Ҳа, топилади!!! Афсуски, улар энди ташқарида эмас, ўз ичимизда, атрофимизда.

 

Бухорода темир йўл Ўрта Осиёда биринчилардан бўлиб Каспий йўли орқали 1888 йил 26 февралдан ўз ишини бошлаган. Темир йўл вокзалининг очилиши Осиё ва Европада катта шов-шувларга сабаб бўлган, очилиш тантаналарига кўплаб элчилар, банкирлар, савдогарлар, сайёҳлар ташриф буюришган. Ўша вақтда янги Бухоро номи билан ҳозирги Когон шаҳрида кўп миллатли ва амирликдаги энг йирик темир йўл бекати Бухорони замонавий дунё билан боғлаб турган. Албатта, темир йўл турли мақсадларда фойдаланилган. 1900-1905 йиллар оралиғида худди шундай темир йўл бекати Бухоро шаҳрининг Қарши дарвозаси олдида қурилади. Бекатнинг чап томонида бир неча хоналардан иборат божхона (контора, амирлик даврида закотхона деб юритилган) ва бошқа бинолар барпо этилади. Ўз вақтида бу бинолар икки давлат раҳбарларининг расмий келишувлари асосида бунёд қилинган. Бинолар рус аскарлари томонидан рус-европа услубида давлат ташкилотларига хос шаклда қурилган. Бу хоналардан ўз вақтида Бухорога келтирилган ва олиб кетиладиган молларни назорат қилиш мақсадида фойдаланилган.

Бугунги кунда йирик бекатдан фақатгина асосий бино ва баъзи божхона бинолари сақланган бўлиб, темир йўл бекати биноси Михаил Архангел черкови, божхона бинолари эса ҳунармандларнинг устахоналари сифатида фойдаланиб келинмоқда.

Аммо яқинда шу биноларнинг ярми бузилди. Бухоронинг божхона тарихига оид 10 га яқин хоналарга эга мажмуанинг айни вақтда 3 та биноси қолди, холос. Улар ҳам йиқилиш арафасида. Энди табиий савол туғилади – кимнинг ҳаққи бор бу биноларни бузишга?!

Биринчидан, келинг, улар хусусий мулк бўлсин. Аммо шаҳардаги тарихий биноларнинг баъзилари мустақилликнинг дастлабки йилларида ижара асосида берилган бўлиб, йиллар давомида қўлдан-қўлга ўтиб хусусийлаштирилган. Аммо бу тарихий бинони истаган вақтда бузиб ташлаш мумкин, дегани эмас-ку?

Иккинчидан, ҳозирда тарихий бинонинг бузилган ўрнида қурилаётган бино лойиҳасини қайси меъмор тасдиқлаган? Ахир шахарда қурилаётган ҳар бир бино лойиҳаси шаҳар бош меъморининг назорати остидан ўтиши керак. Бу ишни ҳам кимдир тасдиқлаган, албатта.

Учинчидан, кадастр бошқармасида бу тарихий бинолар қандай ном остида сақланади? Ёки улар кадастр ишларини ноаниқ юритишяптими?

Тўртинчидан, шу атрофда яшовчи маҳаллий аҳоли бино бузилиши охирига етай деб қолган бўлса-да, эътибор беришмаяпти. Жамоатчилик тарихимизга шу даражада бефарқми?

Вилоят маданий мерос бошқармаси томонидан 2018 йилда бу биноларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари амалга оширилган эди. Аммо нимагадир бинолар давлат рўйхатига киритилмай қолди. Мана, оқибат: ким нимани хоҳласа, қилмоқда.”

Ўктамали Равшановнинг ёзма мурожаатини ўқигач, қурилганига 120 йил бўлган ўша тарихий бинолар олдига бордик. Атрофи ўраб олинган. Ичкарида бир зот кўринмайди. Аммо тарихий бинонинг тенг ярми бузиб ташлангани шундоқ кўриниб турибди.

Юртимизнинг, жумладан, кўҳна Бухоронинг ҳар бир обидаси, ҳар бир ғишти — аждодларимиздан бизга мерос. Уларни асраб-авайлаш, зиён-заҳмат етказмай келажак авлодга етказиш бурчимиз саналади.

Бинобарин, юқорида тилга олинган нохуш ҳолат юзасидан мутасаддилардан тегишли жавоб кутамиз.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер