Бухородаги қадимий қишлоқда этномарказ ташкил этилди

16:42 14 Сентябр 2023 Жамият
848 0

Фото: “Халқ сўзи”

Шейхон – Бухоро шаҳрига яқин жойлашган қадимий қишлоқлардан бири. Бухоро тумани ҳудудидаги мазкур гўшада азал-азалдан деҳқончилик, ҳунармандчилик ривожланган. Қадимий миллий урф-одатлар сақланиб қолганлиги билан диққатга сазовор. Шу боис бу қишлоқ ноанъанавий туризм хизмати кўрсатувчи гўшага айланмоқда.

Гап шундаки, Шейхонда этномарказ барпо этилди. Уни мўъжаз туризм кластерига ҳам қиёслаш мумкин. Қишлоққа хос шўрданак , миллий ширинликлар ва таомлар, қуритилган мевалар тайёрлаш, бир дастурхон атрофида йиғилиб, халқ оғзаки ижоди намуналаридан айтиш каби эзгу анъаналар шу марказда ўз ифодасини топган.

— 15 сотих ерда барпо этилган марказимиз умумий қиймати 400 минг АҚШ долларига тенг,—дейди лойиҳа раҳбари Қобил Муродов.— У миллий услубда қурилган қишки ва ёзги ҳовлидан иборат. Қадимий қишлоғимиз турмуш тарзини кўрсатиб бериш учун барча шароитларни яратиб бериш ҳаракатидамиз. Сайёҳлар учун миллий таомлар, ширинликлар тайёрлаш билан боғлиқ маҳорат сабоқлари ҳам ташкил этамиз. Марказ ёнида боғимиз ҳам бор. Туристлар оилавий меҳмон уйида дам олишлари, чойхонада ўзбекона меҳмоннавозликдан баҳраманд бўлишлари, бир сўз билан айтганда, шарқона қишлоқ ҳаёти билан яқиндан танишишлари мумкин.

Айтиш ўринлики, этнотуризмни равнақ топтириш мақсади кўзланган бундай гўша Вобкент туманидаги исми-жисмига монанд Шарин қишлоғида ҳам барпо этилган.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер