Бухородаги болалар шифохонасида кутубхона очилди
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида кутубхона фаолияти йўлга қўйилди.
— Китоб мутолааси бемор болага руҳан ижобий таъсир кўрсатади. Бўш вақтини мазмунли ўтказишига, дардни бир оз унутишга имкон беради, — дейди Бухоро шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси, 1-даражали юрист Махсуд Асланов. — Шаҳар прокурори ташаббуси билан болалар шифохонасида вилоят болалар кутубхонаси, ҳокимлик ва ҳомийлар кўмагида кутубхона ташкил этилди.
— Шифохонада даволанаётганимга бир ҳафтадан ошди, — дейди Жондор туманидаги 27-мактаб ўқувчиси Умрбек Дўстов. — Муолажадан сўнг бўш вақтимни кутубхонада ўтказаман. Бу ерда қизиқарли бадиий китоблар кўп.
Мўъжаз кутубхонада 1200 тадан зиёд бадиий ва ўқув адабиётлари бор. Уларнинг 300 дан кўпроғини маҳалла ёшлар етакчилари совға қилишди. Ташаббускорлар шаҳардаги бошқа шифохоналарда ҳам шундай кутубхоналар ташкил этиш ниятида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг