Бухорода Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форуми бўлиб ўтмоқда

20:39 03 Июнь 2022 Жамият
1047 0

Фото: «Халқ сўзи»

Таъкидлаш жоизки, 2022 йил туркий дунёда «Ёшлар ташаббусларини қўллаб – қувватлаш йили» деб эълон қилинган. Шу асосда йил давомида бир қатор йирик тадбирлар, учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Айни пайтда Бухоро шаҳри ана шундай нуфузли анжуманлардан бирига мезбонлик қилмоқда. Қадимий кентда Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форуми бўлиб ўтяпти.

Ёш лидерлар форуми туризмни ривожлантириш, туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, 2018 йилдан буён дастлаб Озарбайжонда, кейин эса Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларида ўтказилди.

Бухоро шаҳридаги «Саҳид Зарафшон» меҳмонхонасида форумнинг очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Тадбирни Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев кириш сўзи билан очди. Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Б. Амреев, Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов ўз чиқишларида форумнинг туркий дунёнинг бой маданий-маънавий меросини оммалаштириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

— Бугунги форум туркий халқлар ўртасидаги ўзаро биродарлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини янада ривожлантиришдаги янги босқич, десак муболаға бўлмайди, — деди Б. Зарипов. — Президентимиз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 8-саммитида 2022 йилни туркий дунёда «Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилиш юзасидан билдирган таклифлари асосида ўтказилаётган ушбу форум бир неча минг йиллик қардош халқлар ёшларининг ўзаро алоқаларини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Тарихий манбаларга кўра, шаклланиш тарихи Ёфас алайҳиссаломдан, давлатчилик тарихи эса Алп Эр Тўнга – Афросиёбдан бошланган туркий халқлар жаҳон тарихи, фани ва маданияти, маънавий оламида чуқур из қолдирган.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимидан сўнг туркий тилли давлатлардан келган ёш етакчилар, экспертлар, тадбиркорлар, санъат, маданият ва спорт, шунингдек, оммавий ахборот соҳалари вакиллари учун гуруҳларга бўлинган ҳолда семинар- тренинглар ўтказилди.

— Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил этишидан хабардормиз, — дейди форум қатнашчиси, Туркиянинг хориждаги турклар ва қардош жамиятлар бошқармаси раҳбари Абдуллаҳ Эран. — Мамлакатингизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Йигит-қизларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этиши йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу тажрибани ўрганиш, ўзаро фикр алмашиш, биродарлик алоқаларини изчил йўлга қўйишда мазкур форумнинг аҳамияти катта, албатта.

— Форумда ўз соҳасининг кучли, билимли, иқтидорли ёшлари жамланган, — дейди қирғизистонлик ёш тележурналист Батма Искандарова. — Биз ўзаро танишиб, тажриба алмашаяпмиз, дўстлашаяпмиз. Ҳамкорликдаги ишлар режасини тузаяпмиз. Форумдан кўзланган асосий мақсадлардан бири халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдир. Шу боисдан ҳам форумдаги ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Негаки, бундай имконият ҳар куни ҳам туғилавермайди. Форум юксак савияда ташкил этилган. Бухороликларнинг меҳмондўстлиги, самимиятини алоҳида таъкидлаган бўлар эдим. Бу ерда биз ўзимизни худди уйимиздагидек ҳис этаяпмиз.

Форум эсда қоларли лаҳзаларга бой ўтмоқда. Чунончи, Бухоро шаҳри илк маротаба «Биринчи туркий дунё ёшлари пойтахти» дея тантанали равишда эълон қилинди.Қадимий шаҳарнинг Ёшлар марказида шу муносабат билан махсус монумент ва «Туркий дунё ёшлари боғи» очилиш маросими бўлиб ўтди.

Анжуман давомида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мақомидаги мамлакатларнинг ёшлар сиёсатига масъул давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари билан маслаҳатлашув учрашувлари ўтказилиб, ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди. Якунда эса Туркий давлатлар ташкилотининг Ёш лидерлар форуми резолюцияси имзоланади.

Форум қатнашчилари эртага Бухородаги беназир осори атиқалар билан танишадилар. Улар учун кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер