Бухорода қорақалпоқ куй-қўшиқлари янгради

14:30 28 Апрель 2022 Жамият
1405 0

Фото: Халқ сўзи

Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида «Санъатимиз мангу, дўстлигимиз абадий» шиори остида мусиқий дастур намойиш этилди. Ушбу тадбир Қорақалпоғистон Республикаси маданият кунлари доирасида ўтказилди.

— Халқларимиз ўртасидаги дўстлик, якдиллик туйғуларини мустаҳкамлашда санъатнинг ўрни бениҳоя катта, — дейди тадбир қатнашчиси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Гулхатиша Айимбетова. — Мен бугунги концерт дастурида «Буюк Ватан - Ўзбекистон», «Биле кел» деб номланган қўшиқларни ижро этдим. Тингловчилар жуда яхши кутиб олишди. Биз қадимий Бухорода бугун қорақалпоқ халқининг тинчлик, дўстлик, она Ватан, меҳру муҳаббатни мадҳ этувчи ўлмас куй-қўшиқлари янграётганидан, жойларда элимизнинг маданияти, турмуш тарзи, тарихига оид учрашувлар ўтказилаётганидан мамнунмиз.

Айтиш жоизки, айни дамда Бухорога саксонга яқин қорақалпоғистонлик мусиқа ва санъат, маданият ва адабиёт вакиллари ташриф буюрган. Улар иштирокида вилоят шаҳар ва қишлоқларида аҳоли, хусусан, ёшлар билан учрашувлар ташкил этиляпти. Ўз навбатида Оролбўйида жойлашган қорақалпоқ юртида ҳам Бухоро маданияти кунларини ўтказиш кўзда тутилган.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер