Бухорода «Насриддин Афанди» фестивали ўтказилди

18:03 01 Апрель 2022 Жамият
1822 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун Бухоро шаҳрининг қадимий манзили байрамона тус олди. Наврўз тантаналари «Насриддин Афанди» фестивалига уланиб кетди.

Кулги, ҳазил-мутойиба айёми саналган бу тадбир, анъанага кўра, қадимий Арк қўрғонидан бошланди. Миллий либослар, турли миллат вакиллари кийимларини кийган ҳамда шарқона эртак–афсоналар қаҳрамонлари қиёфасига кирган тадбир иштирокчилари карнай–сурнай садолари остида Лаби ҳовуз сари ҳаракатландилар. Бу ерда фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бухоро вилоят ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган бу галги фестиваль дастури ранг-баранглиги билан ажралиб турди. Фестивални томоша қилгани турли гўшалардан келган меҳмонлар, сайёҳлар эътиборига «Келинг, бир кулишайлик»дастури намойиш қилинди. Қизиқчи ва аскиячиларнинг, дорбозларнинг чиқишлари тўпланганлар кайфиятига кайфият қўшди. Қадим шаҳарнинг гавжум масканларида фольклор дасталари ижросида халқона куй–қўшиқлар янгради, рақслар ижро этилди. Миллий таомлар ва ширинликлар намойиши — «Шарқ таомлари» фестивали байрам файзига файз қўшди.

— Мен Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ўргангани келганман, — дейди фестиваль меҳмони, Франциялик Александер Энжуэн. — Ҳозир Бухоро туризм техникумида талабаларга ўз соҳам бўйича сабоқ ҳам беряпман. Халқингиз хушфеъл, кулгисевар, бағрикенг экан. Буни Бухорога келган кунимдаёқ кўриб, ҳис этганман. Бугунги фестиваль ўзбек халқи урф-одатлари, анъаналари ҳақидаги тасаввурларимни янада бойитди. Шубҳасиз, бундай фестивалу сайллар Бухоронинг туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер