Бухорода “Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси” ўтказилмоқда

15:53 13 Апрель 2023 Иқтисодиёт
773 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, саноат тузилмасини диверсификация қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш пировардида импорт ўрнини босувчи товар ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини бермоқда. Бухоро вилоятида ҳам маҳаллий ва хорижий ишбилармон доира вакилларига ўз бизнесини амалга ошириш учун кенг имкониятлар таклиф қилинаётгани ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлаяпти. Икки кун давом этиши кўзда тутилган “Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси” бу борада ўзига хос майдонча вазифасини ўтайди. 

Ярмарканинг очилиш маросимида сўз олган Бухоро вилоят ҳокими Б. Зарипов ана шулар ҳақида атрофлича тўхталди. 

- Ярмарка қурилиш материаллари, тўқимачилик, нефть ва газ саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм саноати учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда қоракўлчилик ва бошқа соҳаларда тармоқ ва ҳудудий корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, шу билан бирга кичик бизнес субъектлари учун ҳам янада катта имкониятлар беради,- деди жумладан вилоят раҳбари. -Зеро, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек – тармоқлар ва ҳудудлар ўртасида ўзаро кооперация бўлмас экан, қўшилган қиймат занжирини ва янги индустриал тараққиётни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. 

Маълум қилинишича, вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2022 йилда 27,2 триллион сўмни ёки ўсиш суръати 106,2 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил якуни билан бу кўрсаткич 36,2 триллион сўмни ҳамда ўсиш суръати 113,2 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. 

Вилоятдаги йирик тармоқ саноат корхоналаридан ташқари кичик бизнес саноати субъектлари томонидан 2022 йилда 9,7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бу аҳоли жон бошига 5 миллион сўмни ташкил этади. Ваҳоланки, 2019 йилда бу кўрсатгич 2,5 миллион сўм эди. 

Сўнгги беш йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3,1 мартага, аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 мартага ошди. Саноатнинг ялпи худудий маҳсулотдаги улуши 2018 йилдаги 13,9 фоиздан 2022 йил якунида 17,8 фоизга етди. Бунда кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи шу каби тадбирларнинг аҳамияти катта. 

Саноат ярмаркасида мингдан зиёд саноат корхоналари иштирок этаяпти. Ўнлаб корхоналар ўз стендлари орқали маҳсулот намуналарини намойиш қилишмоқда. 

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер