Бухорода “Бу сизнинг кутубхонангиз” инновацион лойиҳаси амалга оширилмоқда

14:14 15 Ноябрь 2023 Жамият
314 0

Фото: “Халқ сўзи”

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона маркази Электрон ресурслар ва улардан фойдаланиш хизмати сектор мудири Тахмина Луқманова томонидан яратилган инновацион лойиҳа соҳа мутахассисларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

— “Бу сизнинг кутубхонангиз” деб номланган ушбу лойиҳа китобхонга танлов қилиш ҳуқуқини беради, – дейди Т. Луқманова. – Кутубхона бўйлаб ноодатий экскурсияни амалга ошириш имконияти юзага келади. Бу иш китобхоннинг ўзи танлаган ходим ва тильда амалга оширилади. Натижада кутубхоначилар ишини холисона баҳолаб бориш мумкин бўлади. Лойиҳада қўшимча тарзда ногиронлиги бўлган шахслар, чет эл фуқаролари, кенг китобхон оммаси, фаол китобхонлар учун марказимиз бўйлаб виртуал саёҳат уюштириш имконияти ҳам кўзда тутилган.

Лойиҳа маълум бир илова орқали амалга оширилади. Китобхон масофадан туриб иловадан рўйхатга ўтган ҳолда ёки ахборот-кутубхона марказига ташриф буюрган вақти QR-kod орқали бу лойиҳа билан тез ҳамда осон танишади.Унда ходимнинг иш стажи, эришган ютуқлари, қайси бўлимда фаолият юритиб келаётганлиги, чет тилларни билиши, китобхонларга қандай хизмат турларини таклиф қилаётганлиги баён этилган. Китобхон ходимни ҳамда унга қулай бўлган кунни танлаш орқали ўз жойини банд қилиб қўяди.

Танлов амалга оширилгандан сўнг белгиланган сана ва вақтда ахборот-кутубхона марказига (якка тартибда ёки) гуруҳ бўлиб ташриф буюрилади. Экскурсия жараёнида иловадаги “Ходим сизни яхши кутиб олдими?», “Асар тақдимотлари, викториналар, қизиқарли ўйинлар ташкил этдими?». “Яна ахборот–кутубхона марказига ташриф буюришни хоҳлайсизми?» деган мазмундаги бир қатор саволларга жавоб ёзади. Бир сўз билан айтганда, ходим хизмати баҳоланади.

Олти ой давомида энг кўп балл тўплаган, китобхонларда яхши таассурот уйғота олган, турли хизматларни йўлга қўйган, янги китобхонларни кутубхонага жалб қилган ташаббускор, фаол, ходим ахборот-кутубхона маркази томонидан 10 – 30 фоизгача устама бериш орқали моддий рағбатлантирилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай лойиҳалар ҳали ҳеч бир кутубхонада амалга оширилмаган.

Айтмоқчи, яқинда ўтказилган “INFOLIB UZBEKISTAN-2023» Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг “Yosh кутубхоначилар” форуми доирасида ташкил этилган “Gʼoyadan natijagacha” деб номланган постерлар танловида Тахмина Луқманова тақдим этган лойиҳа биринчи ўринга лойиқ деб топилди. Ғолиб 30 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер