Бухорода 2022 йилда йигирмадан зиёд меҳмонхона қад ростлади

23:00 27 Декабрь 2022 Жамият
1068 0

Фото: Халқ сўзи

Янги йил арафасида Бухоро шаҳрида 450 ўринли “RAMADA ENCORE BY WYNDHAM BUKHARA” меҳмонхонаси очилди. «Тўрт юлдузли» ушбу муҳташам гўша жаҳондаги энг йирик франчайзинг компанияси саналган “Wyndham Hotels & Resorts” халқаро меҳмонхоналар тармоғига тегишли.

Сайёҳлар учун барча қулайликларга эга меҳмонхонадаги соғломлаштириш клуби, конференциялар зали, бизнес маркази эътиборни тортмай қўймайди. Бу ердаги сервис хизмати жаҳон андазалари даражасида. У кўҳна Бухорони томоша қилгани келаётган хорижий сайёҳларнинг юртимизнинг меҳмондўстлиги ҳақидаги тасаввурларини янада бойитиши тайин.

Меҳмонхонанинг тантанали очилиш маросимида сўз олганлар ана шулар тўғрисида тўхталиб, мамлакатимиз раҳбари бошчилигида шу йилнинг 7 июнь куни хизматлар кўрсатишни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг даромадларини ошириш чора – тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселекторни тилга олдилар. Ўша тадбирда хорижий ва маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида тўпланган Бухоро тажрибасини 28 та шаҳар, барча туман марказларида жорий қилиш ҳақида сўз борган эди.

Юртимиз сайёҳлик салоҳиятини оширишга ҳисса қўшадиган “RAMADA ENCORE BY WYNDHAM BUKHARA” га келсак, у якун топаётган йилда фойдаланишга топширилган Бухородаги ягона меҳмонхона эмас. Маълумотларга қараганда, 2022 йилда йигирмадан зиёд шундай объектлар қад ростлаган. Туризм ва унга йўлдош хизмат кўрсатиш соҳаларида 20 минг нафарга яқин фуқаронинг меҳнат қилиб, рўзғор тебратаётгани янада аҳамиятлидир.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер