Бухоро: Ҳар бир инсон бахтли яшашга ҳақли

09:10 25 Май 2018 Жамият
3276 0

Вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар айнан шу мақсадга қаратилган.

Юртимиз янгиланиш жараёнини бошдан кечираяпти. Шаҳару қишлоқларимиз узра ўзгаришлар эпкини эсмоқда. Ободончилик юмушлари авжида. Эл-юрт бунёдкорлик оғушида. Муҳими, бу янгиланишлар халқимизнинг тинч ҳамда фаровон турмуш кечиришига, одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларига хизмат қилаяпти.

Маърифат ва маънавият бешиги саналган Бухорода ҳам бунёдкорлик, яратувчанлик юмушлари янги босқичга кўтарилмоқда. Президентимизнинг шу йил 16-17 февралда мазкур вилоятда бўлиб, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишгани бунга яна бир карра туртки берди.

Давлатимиз раҳбарининг “2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳолининг уйга муҳтож қатлами турмуш даражасини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Бухорода ўтган йили 252 та квартирадан иборат етти қаватли олтита замонавий уй қуриб битказилди. Орадан кўп ўтмай, аҳоли тилида “7-мавзе” деб аталадиган мазкур ҳудудда яна бир нечта кўп қаватли тураржой қад ростлади.

— Оилада тўрт кишимиз, — дейди Муҳайё Содиқова. — Бизга уч хонали квартира ажратилди. У худди орзу қилганимиздек. Шинам, арзон ҳамда яшаш учун қулай. Ҳар бир квартира алоҳида иситиш қозони билан таъминланган. Болаларимиз учун ўйин майдончалари барпо этилган. Жуда хурсандмиз. Уйлар 20 йил муддатга имтиёзли кредит асосида берилаётгани ҳам айни муддаодир. Илгари ижарада яшардик. Энди у кунлар ортда қолди.

Дарҳақиқат, Президентимиз қай бир вилоятга бормасин, энг аввало, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларига эришиш юзасидан йўл-йўриқ, топшириқлар бермоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Бухоро бугун улкан қурилиш майдонини эслатади. Мана, Бухоро — Когон йўли бўйида қад ростлаган кўп қаватли уйларни олиб кўринг. 1024 хонадонга мўлжалланган 39 та уй эҳтиёжманд юзлаб юртдошларимиз қалбига шодлик, қувонч олиб киради. Аҳолини ишончли ижтимоий ҳимоя қилиш, ёш оилаларга ғамхўрлик кўрсатишга оид бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Балиқчилик кластери

Вилоятда сўнгги йилларда йирик лойиҳалар бирин-кетин амалга оширилмоқда. “Бухоробалиқсаноат” масъулияти чекланган жамиятининг бизнес-режаси ҳам ана шулардан биридир. Давлатимиз раҳбарининг балиқчиликни ривожлантириш борасидаги тавсияларига мувофиқ ташкил этилган бу субъектни “Ишга замонавий ёндашувнинг намунаси”, дейиш мумкин. Лойиҳа рўёби учун 7 миллиард сўм сарфланди.

Хусусан, 70 гектарлик ҳовуз барпо этилди. Унинг ёнида эса улкан ишлаб чиқариш мажмуаси қад ростлади. Инкубация цехи, усти ёпиқ бинодаги кичик ҳовузлар, 200 тонна сиғимга эга совиткичлар, маҳсулотни қайта ишлаш цехи, озуқа тайёрлаш тизими — буларнинг барчаси кластерни ташкил қилади.

— Фаолиятимизга илмий асосларда ёндашаяпмиз, — дейди корхона маслаҳатчиси, биология фанлари номзоди Даврон Ниёзов. — Инкубациядан чиққан чавоқларни дастлаб кичик, кейин эса махсус ҳовузларда парваришлаймиз. Улар вазнини 50 граммгача етказиб, махсус ҳовузда қишлатамиз. Кўкламда эса йирик ҳовузга қўйиб юборамиз. Бизда қиш фаслида ҳам балиқни интенсив усулда парваришлаш имконияти мавжуд.

Корхона тадбиркорлари илғор хорижий тажрибани ҳам чуқур ўрганиб, уни амалда қўллашга интилишмоқда. Жумладан, улар Вьетнамда бўлишди. Инновацион технологиялар асосида балиқ парваришлаш борасида катта тажрибага эга бу давлат вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйишаяпти.

“Бухоробалиқсаноат”нинг имкониятлари катта. У балиқчилик хўжаликларига чавоқлар ҳам етказиб беради. Бу эса вилоятда соҳани ривожлантириш, савдо расталарида луқмаи ҳалолни янада кўпайтириш, маҳсулот таннархини арзонлаштириш сари йўл очмоқда.

Катта даромад манбаи

“Аҳолитранс” масъулияти чекланган жамияти томонидан чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш корхонаси барпо этилди. Бунда собиқ чорвачилик мажмуасининг жамиятга инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматда берилгани қўл келди.

Янги лойиҳани амалга ошириш учун “Аҳолитранс” тадбиркорлари Хитойдан 970 минг АҚШ доллари қийматидаги замонавий саралаш линиясини харид қилдилар. Бу ерда шу тариқа чиқиндиларни саралаш йўлга қўйилди. Дастлабки босқичда қирқ киши доимий иш ўрнига эга бўлди.

Лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш учун хитойлик ҳамкорлардан умумий қиймати 3 миллион 920 минг АҚШ доллари бўлган сараланган чиқиндиларни қайта ишлаш ускуналари сотиб олинди. Бу резина ҳамда яроқсиз автомашина шиналаридан муқобил ёқилғи, шох-шабба, хазон ва ёғоч чиқиндиларидан брикет кўмир, қурилиш чиқиндиларидан иморатбоп блоклар каби жами ўндан зиёд турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш имконини бермоқда. Бошқача айтганда, маиший чиқиндилар тайёр маҳсулотга айланмоқда. Натижада чиқиндини зарарсизлантириш полигонларига эҳтиёж қолмаяпти. Экологик муҳит ҳам яхшиланаётир. Яна бир муҳим томони, корхона шарофати билан 400 дан зиёд киши муқим иш ўрнига эга бўлди.

Корхона тадбиркорларидан бири Соҳиб Кенжаевнинг фикрича, бу ҳали чегара эмас.

— Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, корхонамиз иш қувватини янада кенгайтириш, ишчилар учун тураржойлар, савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва бошқа иншоотлар қуриш чора-тадбирлари кўрилаяпти, — дейди у. — Қисқача айтганда, қаровсиз ҳолда ётган ҳудуд яшаш учун қулай ҳамда обод шаҳарчага айланади.

Ноёблиги билан қадрли

Хўжа Ашуров ташаббускор юртдошларимиздан. Сабзавотчиликка ихтисослаштирилган “Жўйзар Жайхун” фермер хўжалиги раҳбари бўлган бу йигит шиншилла боқишни йўлга қўйди. Шиншилла — Жанубий Америкада кўп учрайдиган, олмахонсимон қимматбаҳо мўйнали ҳайвонлар сирасига кирадиган жонивор. Унинг мўйнасидан кийим-бош тайёрланади. Гўшти эса парҳезбоп.

— Давлатимиз раҳбари Бухорога ташриф буюрганларида ушбу лойиҳамизни қўллаб-қувватладилар, — дейди Х. Ашуров. — Юртбошимизнинг топшириқларига кўра, менга вилоят раҳбарлари ҳам ёрдам қўлини чўзишди. Ер ажратилди. Банкдан кредит олиб, ферма учун бино қурилишини бошлаб юбордик. Нафақат шиншилла, балки норка парваришини ҳам йўлга қўйдик. Хориждан яна 1000 бош шиншилла ҳамда 2000 бош норка сотиб олиш юзасидан шартномалар туздик. Уларни кўпайтириб, келажакда экспортга йўналтириш ниятидамиз...

ўиждувон туманида тут баргидан чой тайёрлаш корхонаси ҳам барпо этилмоқда. Бу лойиҳа “Бухоро бриллиант силк” корхонаси ва хитойлик сармоядорлар билан ҳамкорликда рўёбга чиқарилаяпти.
Тут чойи кальций, калий, натрий, темир, цинк каби минералларга, турли витаминларга бой. Муҳими, у экспортбоп маҳсулот саналади. Янги корхона 2019 йилда 1,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилиши лозим. Ҳозир Хитойдан зарур асбоб-ускуналар олиб келиниб, корхонани ишга тушириш чоралари кўрилаяпти.

Биз юқорида қадимий ва навқирон Бухорода амалга оширилаётган ишларнинг айримлари ҳақида сўз юритдик, холос. Ваҳолонки, мазкур юмушларнинг қамрови ғоят кенг. Муҳими, улар эл-юрт ободлигига, халқимиз дастурхони тўкинлигига хизмат қилаяпти. Одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер