Бухоро боғлари таровати дилларни яйратади
Фото: “Халқ сўзи”
Бухоро шаҳридаги Сомонийлар истироҳат боғидан шу кунларда хорижий сайёҳларнинг қадами узилмаяпти. Бу нафақат ушбу гўшанинг сўлимлиги, балки боғ ҳудудида IX асрнинг ноёб ёдгорлиги саналган Исмоил Сомоний мақбараси ҳамда Чашмаи Аюб мақбараси жойлашгани билан ҳам боғлиқ.

— Дов-дарахтлар қуршовидаги бу обидалар аждодларингизнинг юксак ақл – заковатидан дарак бериб турибди,—дейди ўзини Сузуки Мориваки деб таништирган япониялик сайёҳ. – Мен бу ерда олис ўтмиш нафасини кузги Бухоро, ушбу қадимий шаҳар боғларининг таровати билан уйғун ҳолда ҳис этдим. Унутилмас таассуротлар оғушидаман.
Мазкур истироҳат боғи узоқ йиллик тарихга эга. Эндиликда у иккинчи ёшлигини бошдан кечирмоқда, десак хато қилмаймиз. Негаки, боғнинг бир чеккаси Бухоронинг қадимий деворларига бориб тақалади. Ҳозир бу ҳудуддаги кўл ва унинг атрофида аҳолининг, жумладан сайёҳларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун кенг қамровли бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган.

— Мазкур боғнинг 6,9 гектар майдони давлат – хусусий шерикчилиги асосида 30 йил муддатга бизга ажратилди,—дейди “Вuxara MAGIC PARK” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Феруз Баҳриддинов.— Кўриб турганингиздек, сайёҳларнинг аксарияти Исмоил Сомоний мақбарасини томоша қилгани боғимиз орқали кириб келади. Бу зиммамизга алоҳида масъулият юклайди. Шуни инобатга олган ҳолда ободончилик ишларини олиб боряпмиз. Токи, боққа қадам қўйган заҳоти хорижий сайёҳнинг она – табиатимиз манзараларидан баҳри — дили очилсин, бу маскан уни оҳанрабодек ўзига тортсин.
“Вuxara MAGIC PARK” МЧЖ тадбиркорлари ободончилик юмушларига икки йил давомида 10 миллиард сўм миқдорида сармоя ажратиш ниятидалар. Айни дамда бу ерда лойиҳа миқдори 4 миллиард сўм бўлган мусиқий фонтан ва кўнгилочар тадбирларни ўтказишга мўлжалланган саҳна қурилиши поёнига етиб қолди. Амфитеатр барпо этиляпти. Эътиборлиси, лойиҳалар амалга оширилиши туфайли юздан зиёд янги иш ўрни юзага келади.

Таъкидлаш ўринлики, кейинги пайтда Бухоро шаҳрида боғ -роғлар, дам олиш масканлари барпо этишга жиддий киришилди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан собиқ “Тўқимачи “деҳқон бозори ўрнида истироҳат боғи барпо этилди. Салкам икки гектарли майдон бозор бошқа жойга кўчирилгач, анчадан буён бўш ва қаровсиз ётганди. Шаҳарнинг 30 та ҳудудида эса аҳолининг дам олишига мўлжалланган кичик масканлар бунёд қилиняпти.
Бухоро тумани “Боғидашт” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 40 гектар ерда “Янги Ўзбекистон боғи” барпо этишга киришилгани ҳам диққатга моликдир. У шаҳарнинг 6-, 5- ва 7- мавзелари ёнбошида жойлашган. Ҳар учала мавзе ҳам гугурт қутисидек тизилган кўпқаватли уйлардан иборат. Бу ҳудудда яшовчиларга хусусан, ёзнинг жазирама иссиғида боғ-роғларнинг қадри жуда билинади. Шу боисдан ҳам янги дам олиш масканининг барпо этилаётгани айни муддао бўлди. Вақти келиб, бу ер ҳам худди Сомонийлар истироҳат боғи каби файзли, тароватли гўшага айланса ажаб эмас.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг