Бугунги кун ислоҳотлари ва эртанги кун ишончи

17:13 12 Август 2021 Жамият
1061 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи” 

“Янги Ўзбекистон”, “Бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”. Бу сўзлар нафақат ҳамюртларимиз, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Шубҳасиз, ўз-ўзидан эмас. Бунинг ортида давлатимиз раҳбари бошчилигида узоқни кўзлаб олиб борилаётган одилона сиёсат билан бирга, халқимизнинг жуда катта матонати, меҳнати, фидойилиги ва ташаббускорлиги турибди. 
Давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган тараққиётнинг янги босқичи мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартирди, десак, хато бўлмайди. Ўз навбатида, прокуратура тизими ҳақида ҳам ана шундай фикрларни билдириш мумкин. Қисқа муддатда бутун тизим мутлақо ўзгариб, у очиқ ва шаффоф тузилмага айланмоқда.  Тизимда  туб ислоҳотлар амалга оширилиб,  соҳа ҳуқуқий-ташкилий жиҳатдан такомиллаштирилди. Инновацион ғоя ва лойиҳалар татбиқ этилиб, хориж тажрибасини ўрганиш асосида фаолиятда очиқлик ва шаффофлик таъминланди.

Энг муҳим масала шундай бўлдики, прокуратура — фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган, кабинетда ўтириб эмас, балки пастга тушиб, одамлар орасида юриб, уларнинг дардини эшитадиган халқчил органга айлантирилди. Бу борадаги ишлар ҳозир ҳам изчил давом эттириляпти. Буларни айни пайтда прокуратура фаоллари томонидан амалга оширилаётган бир қатор ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Шулар ҳақида гап кетганда, бундан уч йил олдин мамлакатимиз тарихида илк бор жорий этилган ва бугунги кунда ўзини тўлиқ оқлаётган янгича ёндашув — секторлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.
Президентимизнинг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида татбиқ этилган секторлар фаолияти ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичига старт берган эди.
Деҳқончасига айтганда, ушбу тизим давлат органлари раҳбарларини халққа яқинлаштирди, амалдорлар билан оддий одамлар ўртасида юзма-юз мулоқотни йўлга қўйди. Аҳоли муаммоларини аниқлаш ва улар билан ишлаш самарадорлигини ошириш билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан мутаносиб ривожлантиришнинг янги даврини бошлаб берди. 

Бу борада Қизилтепа тумани прокуратураси томонидан ҳам  2-сектор ҳудудида  ижтимоий соҳа объектларини ободонлаштириш ва таъмирлаш орқали аҳолига сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Аввало, секторимизга бириктирилган ва бошқа маҳаллалар аҳолиси билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг муаммоларига ечим топиш чораларини кўрдик. Албатта, бу тўхтаб қоладиган иш эмас, аксинча, халқ билан юзма-юз мулоқотни кўпайтиришга интиляпмиз. Бу ўз самарасини бермоқда, айниқса,  “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”ни юритишни жиддий назоратга олиб, бу борада барча чоралар кўрилди. Дафтарга эса муаммоли фуқаролар киритилган бўлиб, уларга ҳар томонлама кўмак берилмоқда.
Натижада сектор ҳудудида “темир дафтар”га киритилган 962  оиланинг   957 таси доимий даромад манбаи яратилган ҳолда халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорига асосан ундан  чиқарилди. 
Шунингдек, сектор ҳудудидаги 5998 нафар ёшлар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг орасидан ижтимоий ва иқтисодий муаммоси бўлган 798 нафар йигит-қиз рўйхати ва “ёшлар дафтари” платформаси шакллантирилди. Уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш борасидаги ишлар тизимли ташкил этилмоқда.
Жумладан, ҳар бир ёшга 10 ва 15 сотихдан ер ажратиб бериш, субсидия ажратиш, доимий ишга жойлаштириш, кредит олиш ҳисобига тадбиркорликка жалб этиш, “1+1” лойиҳаси доирасида бандликни таъминлаш чоралар кўрилгани туфайли жами 670 нафар ёшнинг муаммолари ўз ечимини топди.  
Сектор ҳудудига кирувчи  12 та маҳаллада яшовчи 8 787 нафар аёллар билан бирма-бир суҳбат ўтказилиб, шу асосда 557 нафар хотин-қиздан иборат “аёллар дафтари” шакллантирилди. Мазкур дафтарга киритилган хотин-қизларнинг 508 нафарини ишсизлар ташкил этарди. 
Бугунги кунда уларнинг барчасига ёрдам кўрсатилиб, 3 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд, 10 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган, 7 нафар нотураржойда яшовчи, 2 нафар қарамоғида бир ва ундан ортиқ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар, 13 нафар тиббий ёрдам, 4 нафар ҳуқуқий ёрдам олишга, 7 нафар психологик маслаҳатга муҳтож аёлга моддий ва тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлса, 3 нафар уй-жойини таъмирлашга муҳтож I-гуруҳ ногиронлиги бўлган аёлларни уйлари таъмирлаб берилди.              

Аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, 2-сектор ҳудудидаги “Зиёкор” ва “Ободдиёр” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида яшовчи “аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар А.Рахмонова, Г.Бердиева, Р.Аъзамова ва бошқаларнинг яшаш хонадонлари тўлиқ таъмирлаб берилди. Шунингдек, “Ванғози” маҳалласида яшовчи кам таъминланган С.Порсаева ва М.Каромовалар учун янги уй-жойлар қуриб берилди.
Аёлларнинг ижтимоий бандлигини таъминлаш мақсадида “Оқмачит” МФЙда 25 ўринли “Янги Ўзбекистон фарзандлари” номли МТТ ишга туширилиб, 3 кишининг,  “Зиёкор” МФЙ ҳудудларида 25 ўринли “Зиёкор” номли ОНМТТ  фаолиятини бошлаб, 4 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Узилишкент маҳалласида яшовчи фуқаро О.Нуруллаевага тикувчилик фаолиятини ривожлантириши учун банк филиалидан 225 млн. сўм кредит ажратиб берилишида ҳамда туман аҳолини бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда О.Нуруллаеванинг 10 нафар шогирдлари субсидия асосида ўқитилмоқда, ҳозирда тадбиркор томонидан тикувчилик маҳсулотлари тайёрланмоқда. 

Туманнинг “Кушарти” маҳалласида яшовчи М.Ҳалимовага эса 2021 йилнинг январь ойида туман прокуратураси ташаббуси билан иссиқхона қуриб берилиб, ҳозирда мазкур иссиқхонага М.Ҳалимова ва унинг оила аъзоларининг бандлиги таъминланган. Шунингдек, туманнинг  “Маликобод” маҳалласида жойлашган “Қизилтепа Парранда кластер рахбари” Ш.Ғозиевга тегишли бўлган броллер жўжаларни парваришловчи жамиятнинг газ ва электр энергияси билан боғлиқ муаммоси ҳал қилиниб  МЧЖ томонидан 4 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. 
Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Энг муҳими, мазкур чора-тадбирлар самарасини сектор ҳудудида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳис этиб, эртанги кунга ишончлари янада мустаҳкамланмоқда.
 
Элёр НАРЗУЛЛАЕВ,
Қизилтепа туман прокурори.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер