Бу шунчаки ташхис, холос

12:37 01 Июнь 2022 Жамият
553 0

Фото: Иллюстратив фото

Ўтган йили Навоий вилоятининг олис ҳудудларида ўтказилган тиббий кўрикларда 600 нафарга яқин аёлда онкологик хасталиклар эрта босқичда аниқланди. Аслида «Обод қишлоқ» ва бошқа ижтимоий-иқтисодий дастурлар доирасида ушбу тиббий кўриклар ўтказилмаганида, мазкур аёллар ўзларидаги хавфли касалликни то зўрайиб кетгунча билмасликлари эҳтимоли юқори эди.

— Ҳар қандай, айниқса, онкологик хасталиклар қанча эрта аниқланса, уни даволаш имконияти шунча ошади, — дейди Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Навоий вилояти филиали бошлиғи Руслан Муҳаммадиев. — Агар у яширин кўриниши даврида аниқланса, саксон, ҳатто тўқсон фоизгача юқори самара бериши аниқ.

Бошқача айтсак, ушбу аёллар ташвишланишига деярли зарурат йўқ. Шифокорлар тайинлаган (тавсия эмас) муолажаларни ўз вақтида олишса, кифоя.

Бугун Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Навоий вилояти филиалида касалликни дастлабки босқичда аниқлашдан ташқари уни даволаш, мураккаб жарроҳлик операцияларини ўтказиш, нур муолажалари йўлга қўйилган.

— Мен саккиз йилдан буён шу касаллик билан курашаман, — дейди бемор Шоҳсанам Йўлдошева. — Нур муолажасини олиш учун илгари Бухоро ёки Самарқандга, ҳатто Қорақалпоғистонга ҳам бориб келишимизга тўғри келарди. Мана, энди ўзимизда йўлга қўйилди, вақтида келиб даволаниб кетаяпман, кўз тегмасин, ҳозир ўзимни анча яхши ҳис этяпман.

Филиалнинг замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланиб, шифокорларнинг соҳада илғор клиникаларда малака ошириб келиши касалликнинг бир қатор оғир асоратлари олди олинишида ҳам ўз самарасини бермоқда.

— Ўтган йили 580 нафар бемор операция қилинган бўлса, шуларнинг 20 таси ўта мураккаб жарроҳлик амалиёти ҳисобланади, — дейди жарроҳ Хуршид Абдукаримов. — Ушбу жарроҳлик амалиётларини амалга оширишда имкон қадар ампутациядан қочишга ҳаракат қилмоқдамиз. Албатта, буларнинг барчаси касалликнинг қайси босқичда аниқланганига бевосита боғлиқ. Афсуски, айрим юртдошларимиз ушбу касаллик белгиларини ўзларида пайқагач ҳам, шифокорга мурожаат қилишни пайсалга солиб юришади. Хусусан, бугун операция қилган беморимиз ўзида касаллик белгиларини тўрт йил аввал сезган. «Нега шу пайтгача мурожаат этмадингиз?» деб сўрасак, «Саратон ташхиси тасдиқланишидан қўрқдим», дея жавоб қилди. Бундай фуқаролар, таассуфки, битта-иккита эмас.

Ҳақиқатан ҳам, ўсма касалликлар бемор руҳиятига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Шу боис филиалда уларга руҳий далда беришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу шунчаки ташхис эканлиги ҳаётий мисоллар билан уқтирилади.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер