“Бу ерда чет элдагига қараганда кўпроқ пул топаяпман”
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Шуҳрат Эргашев Бухоро шаҳридаги Ибн Сино маҳалласида яшайди. Суҳбатлашсангиз бир зумда рўпарангизда яхши-ёмоннинг фарқига борадиган, ҳалол луқма билан рўзғор тебратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган йигит турганини пайқайсиз. Шу юртдошимиз фалакнинг гардиши билан совуқ ўлкаларга ризқ-рўз топгани борди.
— Хорижда атиги қирқ кун бўлдим, — дея эслайди у. — Қарасам, топиш-тутишда барака йўқ. На ишнинг, на ётиб-туришнинг тайини бор. Буёқда бир-биридан ширин болаларимни соғинаман, денг. Ўз-ўзимга “Эй, Шуҳрат, қўлингда гулдай ҳунаринг бор. Юртингда ҳунарни ишга солсанг, бу ердагидан икки ҳисса кўп пул топасан-ку”, дедим. Шу тариқа ортга қайтдим.
Бор-йўғи ўрта мактабни тугатган кишининг қандай ҳунари бор экан, дея қизиқишингиз мумкин. Шуҳрат яхшигина ҳайкалтарош. Боз устига табиат шайдоси. Ўзи айтмоқчи, Мурод ака исмли ҳунармандга шогирд тушди-ю иқтидори юзага чиқди. Зеҳни ўткир эмасми, китобларда ёки ён-атрофда кўрганларини ҳайкал шаклига келтира олади. Хусусан, эртак қаҳрамонлари ҳайкалини ясашни жойига қўяди.
— Шу тариқа ўз-ўзимни банд қилдим, — дейди у. — Буюртма кўп. Турмуш ўртоғим, фарзандларим қаватимга киришган. Ойига ўртача 8-10 миллион сўм атрофида даромад қиляпман. Яқинда Жондор туманидаги мактабгача таълим ташкилотларидан бири буюртмасига кўра, умумий нархи 25 миллион сўмлик эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини тайёрлаб бердик. Кийиклару туялар, турна, лайлак ҳайкаллари болажонларимизга бир олам завқу шавқ улашаётганини кўриб ўзим ҳам роҳатланаман.
Шуҳрат ишни асосан пайвандлаш орқали бажаради. Арматура, цемент, қолип каби материаллар, турли бўёқлардан фойдаланади. Яқинда ҳайкалтарошнинг иш фаолияти билан танишган банк муассасаси унга 25 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратди. Буюртмалар кўпайган паллада бу сармоя ҳунармандга асқатади, албатта.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг