Боздун овулида мавжуд муаммолар жойида ўрганилди
Учқудуқ туманидаги Боздун овули Навоий вилояти марказидан қарийб 400 километр узоқликда жойлашган бўлиб, бу ерда 37 та оилада жами 134 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд «яшил» тоифага киритилган, яъни жиноятчиликдан холи, тинч ва осойишта овул ҳисобланади.
2017 йилда «Обод қишлоқ» дастури доирасида овулда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 1 та мактаб янгидан қурилди, 1 та мактабгача таълим муассасаси ва 1 та оилавий шифокорлик пункти таъмирланди. Шунингдек, 1,1 километр ички йўллар асфальт қилиниб, кўча ёритиш чироқлари ўрнатилди. Олис ҳудудда фаолият юритаётган 4 нафар ўқитувчи уй-жой билан таъминланди.
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов овул аҳли билан юзма-юз мулоқот чоғида «маҳалла еттилиги» томонидан аниқланган масалаларга тўхталди. Хусусан, Мўғулистон қўйини келтириш, шунингдек, 31 та хонадоннинг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида тик қудуқ қазиш ишлари олиб борилаётгани таъкидланди.

Сайёр қабул давомида аҳоли овулга олиб борувчи йўлнинг 1 километр қисми таъмирталаб ҳолга келганини, таълим муассасаларида кимё ва инглиз тили фанлари ўқитувчилари етишмаётганини билдирди.
Учрашув якунида 4 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича «Навоийуран» ДКнинг Учқудуқ ишлаб чиқариш мажмуаси масъулларига топшириқлар берилди. Шунингдек, 13 ёшли боланинг даволанишини ташкил этиш юзасидан тиббиёт соҳаси раҳбарларига аниқ муддатли вазифалар юклатилди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг