Бўстонлиқда камида 50 гектар майдонга эга кино шаҳар барпо этилади

16:16 06 Январь 2022 Жамият
722 0

Хорижий кинокомпаниялар ва киностудияларни Ўзбекистон Республикасига жалб этиш мақсадида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида камида 50 гектар майдонга эга кино шаҳар барпо этиш режалаштирилмоқда.

2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасига кўра, 2022 йилда жаҳон тажрибасини ўрганиб, кино шаҳар концепциясини ишлаб чиқишга хорижий мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган.

Маълум қилинишича, кино шаҳар ёрдамида Ўзбекистонда миллий фильмлар намойиши ва тарғиботини юқори савияда ташкил этиш, фильмларни оммалаштириш ва миллий кинопрокат тармоғини яратиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, «Кинокаравон»нинг иш тартиби мамлакатимизнинг ҳар бир вилояти (шаҳари) ни ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади. Реклама кампанияси тизимли йўлга қўйилади, жаҳон тажрибаси қўлланилади, мамлакатимиздаги кинотеатрлар ягона тармоққа уланади. Фильмлар онлайн тарзда етказиб берилади ва намойиш қилинади.

Бундан ташқари, республикада миллий анимация саноати шаклланади ва фаол ривожланади. Кинематография агентлиги қошида «Ўзбекмультфилм» киностудияси ташкил этилиб, унинг фаолияти жаҳон тажрибасига асосланган ҳолда маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этади.

Шунингдек, мутахассислар тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш мақсадида хорижий анимацион студиялар билан музокаралар олиб борилади, малака ошириш курслари ташкил этилади.

Хусусий анимация студияларини қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзлар бериш, субсидия тизимини жорий этиш режалаштирилган. Анимация соҳасида фаолият юритувчи жамоат ташкилотлари, студиялар ва корхоналарга давлат буюртмаларини жойлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер