Боланинг бегонаси бўлмайди
Фото: "Халқ сўзи Online"
Мамлакатимизда ҳар бир бола ҳеч кимдан кам бўлмай таълим-тарбия олиши учун кенг шароитлар яратилмоқда. Шу жумладан, ногиронлиги бор, кўнгли ярим болажонлар ҳамиша эътиборда.
Тошкент шаҳар Планетарийсида Янги йил байрами муносабати билан “Болажонлар бизнинг бахту камолимиз” номли хайрия тадбири бўлиб ўтди. Унда Олмазор тумани 2-Мурувват уйи ва Юнусобод туман 21-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, шунингдек, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари таклиф этилди.
Тадбир доирасида болажонлар Планетарий бўйлаб экскурсия уюштирилди. Саёҳат давомида уларга буюк аллома Мирзо Улуғбек, унинг илмий мероси, шунингдек, коинот сирлари ҳақида ҳикоя қилиб берилди.
— Ушбу хайрия тадбири 2014 йилдан буён ўтказиб келинади, – дейди Тошкент шаҳар Планетарийси бош услубчиси Мадина Азимова. – Ҳар йили турли дастурлар билан болаларимизни кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз уларнинг бир кунини бўлса-да мазмунли ўтказишга ҳисса қўшиш ҳамда ҳар доим эътиборда эканликларини билдиришдир.
Тадбирда “Ниҳол” болалар рақс ансамбли ўз рақслари билан иштирок этди. Хайрия тадбири доирасида юлдузли викторина, саҳна кўринишлар ва бошқа қизиқарли дастурлар ташкил этилди. Шунингдек, болажонларга байрам дастурхони ёзилиб, совғалар улашилди.
Юлдуз ЎРМОНОВА
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг