Бола қалби билан севинг дунёни...
Ҳаётнинг пасту баландликлари бисёр. Турмушнинг бешафқат зарбалари гоҳида оилани пароканда қилиб юборса, ўртадаги фарзандларнинг дунёларча орзулари рўёби ҳам узоқлашиб кетади. Мурғак қалблар ўксик, изтироб билан тўқнашади. Кўпинча бундай ҳолларда болалар она тарбиясида қолади. Ёлғиз оналарга эса жуда оғир...
Турмуш залворини елкасида кўтаришга мажолсиз бўлиб қолган бу оналарда яшашга иштиёқ ва ҳаётга муҳаббат уйғотиш, болалар қалбига қувонч улашиш давлатимиз томонидан олиб борилаётган «Инсон қадри учун» эзгу ғояси билан уйғундир.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Қарши тумани ҳокимлиги ва саховатли тадбиркорлар ҳамкорлигида ўтказилган 30 нафар кам даромадли оилалар фарзандларининг суннат тўйи ҳам ана шу эзгу ғоя негизида амалга оширилди.
— Дунёда болалар қувончини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди, — дейди Қарши тумани ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шўбаси бошлиғи Маъмуржон Абдуллаев. — Бугун 30 нафар тўй боланинг ҳар бирига бош-оёқ кийим, велосипед ва бошқа туҳфалар тақдим этилди, лекин бу фақат болалар кунида уларни эслаб туриш, дегани эмас. Биз йил давомида бу каби тадбирларни ўтказишни мўлжаллаганмиз.
Байрам тадбирида Қарши тумани ҳокими Беҳзоджон Юсупов суннат тўйлари ўтказилаётган болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилакларини билдирди. Ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар рақсларга уланиб кетди.
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг