Бойсунда «Олма сайли» бўлиб ўтди
Фото: Халқ сўзи
Бойсун олмаси ўзига хос таъми, ҳиди, серсувлиги билан турдошларидан ажралиб туради. Асосан туманнинг тоғолди қишлоқлари - Дуоба, Хўжаидод, Ўрмончи, Мачай, Дарбанд ҳамда Авлод маҳаллаларида парвариш қилинадиган бу турдаги олма нафақат юртимиз бозорлари, балки хорижда ҳам харидоргир.
Маълумотларга кўра, ҳар йили воҳада 10 минг 451 гектар майдонда олма етиштирилади. Бойсунда олмачилик билан шуғулланувчи юзга яқин фермер хўжаликлар фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан яратилган 262 гектар олмазордан бир йилда 2 минг 752 тоннадан зиёд ҳосил олинади.

Шу пайтгача туманда фақат маҳаллий олма етиштирилган бўлса, энди эса крепсон, симеренко, голден ва карлик каби навларни экиб, мўл ҳосил олишга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўзида вилоятда 6 минг 75 гектардан ортиқ майдонда янги олмазорлар барпо этилди.
Соҳа мутахассисларининг маълум қилишича, Сурхондарё иқлим шароити ўзига хослиги, айниқса, тўрт фаслнинг мўътадил бўлиши мўл-кўл ҳамда сифатли мева-сабзавот ва полиз экинлари етиштиришга мос. Етиштирилаётган табиий дармондориларга бой бу маҳсулотлар айни чоғда дунёнинг 24 давлатига экспорт қилинмоқда. Биргина ўтган йили вилоятда етиштирилган ҳосилнинг 350 тоннаси ёки 132 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Илк маротаба ташкил этилган «Олма сайли» байрамона тус олди. Тадбир ҳудуднинг туризм имкониятларини намойиш этиш, олма етиштириш ва унинг экспортини янада ривожлантириш ҳамда боғбонлар ўртасида тажриба алмашиш имконини яратиб берди.
Сайл давомида расмлар, миллий таомлар кўргазмаси ҳамда концерт дастури ҳам намойиш этилди.
Фестиваль якунида «Энг фаол маҳалла», «Энг фаол ташкилот», «Энг ширин олма боғи яратувчиси» номинациялари бўйича танловларнинг ғолиблари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг