«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалида боқий оҳанглар жарангламоқда

22:36 07 Май 2022 Жамият
1713 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги сўлим ва баҳаво Паданг қишлоғида дунё санъат ихлосмандларини бир жойда жамлаган «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали кўтаринки руҳда бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 февралдаги «Бойсун баҳори халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўтказилаётган ушбу нуфузли санъат байрами халқимизнинг бебаҳо қадриятлари бардавомлигини таъминлаш, шу жумладан, халқ достонлари, ҳунармандчилиги, миллий либослари ва халқ ўйинлари, қадимий урф-одатларини сақлаб қолиш ҳамда уларни кенг тарғиб қилишдек эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган.

Халқаро ЮНEСКО ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ҳамда хорижий давлатлардан келган фольклор-этнографик жамоалар ўз санъатини намойиш этмоқда.

Асосий тадбирлар бўлиб ўтаётган Паданг қишлоғидаги адирликларда Термиз шаҳри ва барча туманларининг рамзий қўрғони сифатида 100дан ортиқ ўтовлар ўрнатилди. Уларда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос туристик салоҳияти, миллий урф-одат ва анъаналари, маданий мероси, халқ оғзаки ижоди намуналари намойиш этилади. Бадиий саҳна байрамона безатилган. Фестиваль доирасида халқ сайилларига кенг ўрин берилди. Шунингдек, миллий таом, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари ташкил этилди. Этноспорт, веломарафон, миллий кураш мусобақаси, улоқ-кўпкари, варрак учириш, арқон тортиш, чиллак ва бошқа халқ ўйинлари уюштирилмоқда. Бахшилар ижро этган достон, термалар, фольклор жамоаларнинг ўлан-лапарлари, айниқса, турли майдон томошалари тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашмоқда.

Фестиваль доирасида Термиз шаҳридаги Имом Исо Термизий илмий-тадқиқот марказида «Жаҳон цивилизациясида Бойсуннинг моддий ва маънавий маданияти» халқаро илмий анжуман ҳам бўлиб ўтди. Унда этнограф, археолог ва тарихчи, санъатшунос ва фольклоршунос олимлар томонидан «Сурхон воҳасининг этномаданий ҳаётида Бойсун маданияти ва маънавиятининг ўрни», «Миллий маданият ривожида фольклор санъатининг аҳамияти», «Бойсуннинг тарихий ва экотуризм салоҳияти – халқаро туризмнинг янги тармоғи сифатида», «Халқаро маданий алоқаларини мустаҳкамлашда Бойсун маданий муҳитнинг таъсири» каби мавзуларда қимматли маълумотлар тақдим этилди.

«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалининг тантанали очилиш маросимида халқаро ЮНEСКО ташкилоти, хорижий давлатларнинг юртимиздаги дипломатик корпуси вакиллари, шунингдек, турли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар ҳамда кенг аҳоли вакиллари қатнашди.

Унда сўз олган Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қайта йўлга қўйилган бу фестиваль миллий анъаналаримизни асраб-авайлаб, фольклор санъатини эъзозлаш, ёш авлод онгу шуурида халқ оғзаки ижодига бўлган қизиқишни янада оширишга, номоддий маданий мероснинг энг яхши намуналарини муҳофаза қилиш ва ривожлантиришга, жаҳон халқлари вакилларини маънавий мулоқотга чорлаб, миллий анъаналар асосида халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Қайд этилганидек, Бойсун маданий муҳити илк бор 2001 йилда жаҳон ҳамжамиятлари маданий объектларининг 19 номинантлари орасида ЮНEСКО томонидан «Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси» сифатида эътироф этилган. 2008 йили эса ЮНEСКОнинг «Инсониятнинг номоддий маданий мероси» Репрезентатив рўйхатига киритилган. Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган бу фестиваль халқ оғзаки ижоди ривожини таъминлаш, бой маданий, моддий ва номоддий меросни халқаро миқёсда намойиш этишга имкон бераётир.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросими турли фольклор жамоалари, таниқли хонандалар ижросидаги концерт дастурига уланди. Дронлар шоуси ва ранго-ранг мушаклар ёғдуси нуфузли санъат анжумани иштирокчиларига бир олам завқ-шавқ улашди.

«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали эртага ҳам давом этади.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер