«Бойчечак-бойчечак, кутиб олинг ой чеча!»
Болалигимда Мирза воҳасидан ота юртимиз Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Тепалик қишлоғига борганимда, Эргаш Жуманбулбул ўғлининг невараси, яъни катта энам Олия Турдим қизи биз каби беш-ўнта невара-чевараларига Наврўз ҳақида айтимлар айтиб бергани ҳамон эсимда. Мана бу сатрлар ўша эшитганларимдан:
Заргар-зарнинг эгаси,
Борми кўнгил чегаси?
Юнус, Мисқол парилар
Гўрўғлининг бекаси.
Кўз гавҳари юлдузда,
Қалб қувончи кундузда,
Баҳорнинг хушбўй ҳиди
Ариқдаги ялпизда.
Яна энам айтардики, қадимда Наврўз байрамида «Бойчечак» маросими ўтказилиб, унда қишлоқ аҳли икки гуруҳга бўлиниб, бир томони «бойчечак» иккинчи томони «қиш» бўлиб ўзаро айтишувда иштирок этган. «Бойчечак» томон ўзларини кўклам гуллари билан безатар, қиш томони эса пўстинларини тескари кийиб оларди. Кейинчалик билсам, бунда қишнинг кетиб кўкламнинг келиши шу тариқа рамзий маъно касб этган экан.
Кўклам томон ҳовлима-ҳовли юриб бойчечак қўшиғини айтиб қишни қувишган. Бойчечак қўшиғини эшитган одамлар шу кунларга етганига шукр қилиб қувонишган. Айниқса, беморлар бу қўшиқни жон-дилидан севишган. Улар баҳор келганини билиб, ўзларини енгил ҳис қилган. Қариялар бойчечакни кўзларига суртиб, «Омонлик-сомонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик, янаги шу кунларга эсон-омон етайлик» деб яхши ниятлар қилишган. Аҳоли «бойчечакчи»ларга ёрдам бериш баробарида уларга турли озиқ-овқат маҳсулотлари, егуликлар ҳадя қилган. Якунда ушбу тортиқлар катта қозонга солинган. Ушбу удум «Қозонтўлди» деган ном билан аталган. Ана шундай лаҳзаларда бахшилар қўлига дўмбирасини олиб, термаю достонларни бошлаб юборганлар:
Йигитнинг шунқори шунда,
Бедовнинг тулпори шунда,
Эр йигитнинг ори шунда,
Кўписининг ёри шунда,
Томошанинг бари шунда.
Ҳозирги кунда Наврўз байрамидаги халқ ўйинлари ота-боболаримиздан қолган юқоридагидек қадимги удумлардандир. Зеро, Наврўзимиз билан боғлиқ неки удум, айтим, маросим борки, буларнинг бари умрбоқий маданий меросларимиз, халқ оғзаки ижодиётимизнинг зийнатидир.
Алишер НУР,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг