«Боғишамол»да болалар мароқли дам олмоқда
Фото: Халқ сўзи
Андижон вилоятида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун ёзги таътилни мазмунли ташкил этиш мақсадида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди яна бир хайрли ишга қўл урди. Бевосита фонд ташаббуси билан вилоятдаги «Боғишамол» болалар соғломлаштириш оромгоҳида айни дамда эҳтиёжманд оилаларнинг 50 нафар ўғил-қизи мароқли ҳордиқ чиқармоқда.

— Оромгоҳдаги спорт майдони, чўмилиш ҳавзаси, ошхона, кутубхонадаги имкониятлар менга жуда ҳам ёқди, — дейди Андижон шаҳридаги 38-умумтаълим мактаби ўқувчиси Азизбек Каримов. — Турли беллашувларда ўз қобилиятимизни намойиш этиб, спорт ва ҳунармандчилик машғулотларида билмаганларимизни ўрганяпмиз. Бу ерда ҳар бир кунимиз унутилмас таассуротлар билан ўтмоқда.
Муаззам Норматова Бўстон туманидаги Янгиобод маҳалласида яшайди. «Аёллар дафтари»да туради. Қизи Озода «Боғишамол»да дам олаётганидан Муаззам ғоятда мамнун.
— Қизим оромгоҳда спорт ва мусиқа машғулотларида қатнашаётганини хурсанд бўлиб айтди, — дейди М. Норматова —Чеварчиликни ҳам ўрганяпти экан. Баъзан оиламизда яратиб бера олмаётган шароитлар бу ерда мавжудлиги мени ниҳоятда қувонтирди. Ташкилотчиларга, саховатли инсонларга раҳмат дейман!
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг