“Боғибаланд”га туристик маҳалла мақоми берилди

22:06 06 Сентябр 2023 Жамият
587 0

Боғибаланд — Соҳибқирон Амир Темур асос солган ва бугунгача сақланиб қолган машҳур боғлардан биридир. Тарихий манбаларда Боғибаланд анжирзорлари тарихи бир неча асрларга бориб тақалиши қайд қилинган. Жумладан, “Бобурнома”да бу ҳудудда Амир Темурнинг суюкли набираси, Мироншоҳнинг қизи Оқабегимга атаб “Боғибаланд” боғи барпо этилгани ва унда тўкин анжирзорлар борлиги ёзилган.

Бугунги кунда бу ҳудудидаги авлоддан-авлодга ўтиб келаётган 40 гектарлик боғда 10 мингдан ортиқ дарахтларда 2 хил турдаги сариқ ва қора анжирлар етиштирилади. Мевалар экологик жиҳатдан тоза ва органик ҳисобланади, чунки уларни етиштиришда кимёвий моддалар ва дориворлардан фойдаланилмайди.

Ана шу машҳур “Боғибаланд” маҳалласига мамлакатимиздаги биринчи туристик маҳалла мақоми берилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда МФЙ раисига Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев томонидан туристик маҳалла мақомини берувчи сертификат тантанали равишда топширилди.

Мазкур маҳалла ушбу мақомга эга бўлиши учун бу ерда қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, боғ ҳудудида 15 та дам олиш маскани ва миллий услубдаги дегустация учун жойлар ташкил этилди. Пиёда, велосипед, электромобиль, веломобиль, отда сайр қилиш учун шароит яратилди. Меҳмонларнинг қулай ҳаракатланиши учун йўл кўрсаткичлари, стелла ва боғ харитаси ўрнатилди. Ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахт ва гул кўчатлари экилди. Анжир ва анжир маҳсулотларидан тайёрланган ширинликлар, қуритилган ва консерваланган маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилди.

— Самарқанддаги дам олиш масканлари, саноат туризми, агротуризм, этнотуризм, зиёрат, тиббиёт ва археологик туризм объектлари аллақачон сайёҳларнинг севимли манзилига айланган, — дейди Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров. — Мазкур “Туризм маҳалласини” ташкил этиш орқали Самарқандга ташриф буюраётган чет эллик сайёҳлар учун янги туристик йўналиш барпо этилди. Вилоят аҳолиси учун янги дам олиш масканлари вужудга келди. Бу эса ушбу маҳалла аҳолиси учун қўшимча иш жойлари ва даромад манбаи сифатида хизмат қилади.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер