БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Марказий Осиё мамлакатлари ташаббуси билан “Ҳар бир бола учун тинчлик ва бағрикенглик руҳида сифатли таълимни таъминлаш” резолюциясини қабул қилди
Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 54-сессияси чоғида Марказий Осиё мамлакатларининг (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) биргаликдаги ташаббуси билан “Ҳар бир бола учун тинчлик ва бағрикенглик руҳида сифатли таълимни таъминлаш” резолюцияси қабул қилинди.
Ҳужжат БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлган 47 давлатнинг барчаси томонидан истисносиз равишда бир овоздан маъқулланди. Уни БМТ тизимида мавжуд бўлган барча минтақавий гуруҳларнинг вакили бўлган 61 давлат қўллаб-қувватлади ва унга қўшилди.
Лойиҳа Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари дипломатия ваколатхоналарининг яқин ҳамкорлигида ва халқаро ташкилотлар, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссар бошқармаси экспертларининг тавсиялари асосида ишлаб чиқилган.
Резолюциянинг консенсус асосида қабул қилиниши Марказий Осиё минтақасида болаларни, шу жумладан, қуролли ва террористик гуруҳлар билан боғлиқ жабрланган болаларни ўқитиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни халқаро ҳамжамият кенг қўллаб-қувватлаётганини намоён этади.
Қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 57-сессияси давомида барча болалар, айниқса, энг заиф аҳволда бўлган болалар учун тинчлик ва бағрикенглик руҳида қулай, инклюзив, адолатли ва сифатли таълим олиш масаласи бўйича панель муҳокамаси ўтказилади.
Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссар бошқармаси барча болалар, айниқса, энг заиф ҳолатларда бўлган болалар учун тинчлик ва бағрикенглик руҳида қулай, инклюзив, адолатли ва сифатли таълимни ривожлантириш бўйича аниқ тавсиялар билан кенг қамровли ҳисобот тайёрлайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг