«Биз кечаги одамлар эмасмиз!»
Юртбошимиз Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан йўллаган табригида жуда ҳақ гапни айтдилар: «Биз кечаги одамлар эмасмиз!» Чиндан ҳам шундай.
Бугун бизнинг айтимларимиз, тутимларимиз бошқача бўлди. Нигоҳларимиз учқур, эътирофларимиз адолатли, кўнгилларимиз дилгир бўлди. Назаримда, одамларимиз янгича фикрлайдиган, келажакка ишонч билан интиладиган бўлдилар. Бугун тадбиркорлар бой бўлиш йўлини билдилар ва ҳиммат йўлини танладилар. Бугун одамлар дунёни лол қолдириш машқини эгалладилар ва ғалаба нашидасини сурмоқликни ўргандилар. Бугун одамлар ҳалол ва ҳаромнинг, савоб ва гуноҳнинг ҳикматини англадилар. Демак, биз тўғри йўлдамиз!
Биз 29 йил ичида жуда кўп яхши ишлар қилдик. Ва улкан зафарларга ҳам эришдик. Кўзларимиз ватаннинг гўзаллигига, қулоқларимиз эса эзгуликлар фармойишига ўрганди.
Айниқса, кейинги уч-тўрт йил ичидаги шиддатли ислоҳотлар унумини ҳали миллат миллат бўлгандан буён кўрмаган десак рост бўлади.
«Ислоҳ» сўзининг луғавий маъноси «тузатиш, тубдан янгилаш, яхшилаш» демакдир. Шундай экан, янгиликларимиз яхшиликларга хизмат қилсин. Ҳар биримиз ташаббус, ижодкорлик, инновация, шижоат туйғуси билан яшайлик.
Бундай қараганда, Юртбошимизнинг айтганларини қиляпмиз, холос. Уни ҳам баъзан ялқовлик ва танбаллик билан, манфаат ва таъма билан, очкўзлик ва ночорлик билан бажаряпмиз. Шуми, бизнинг дўстлигимиз, ўйлаб қоласан одам. Садоқатимизу муҳаббатимиз қани?! Фидойилик қаерда қолди?
Юртга бош бўлиш осон иш эмаслигини ҳамма билади. Замон юкини тортиш, даврон ғамини чекиш элбошининг қисматида ёзилган. Аммо елкадошлик, орқадошлик деган буюк туйғулар ҳам бор-ку!
Бугунги кунгача иқтисодий, ижтимоий масалаларда, давлатчилик, қонунчилик соҳаларида жуда кўп муваффақиятларга эришдик. Бозорларимиз, дўконларимиз тўлди. Қорнимиз, кўзимиз тўйди, Аллоҳга шукр! Энди бир муаммо борки, ундан кўз юмолмаймиз.
Миллат ғурури масаласи! Биз қачонки, болаларимиз қалбида миллий ғурурни уйғотолмас эканмиз, бу фахрни қон-қонига сингдирмас эканмиз, маънавий дунёмиз оқсоқланаверади!
Бизнинг халқимиз содда, оқкўнгил халқ. Бир тану бир жон бўлишга ҳам, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилишга ҳам, кечаю кундуз меҳнат қилишга ҳам тайёр халқ. Фақат уларга бир ҳовуч бузғунчилар тўсқинлик қилмасалар бас! Ўз амалига, нафсига қул бўлганларга қул бўлмасак бас!
Шундагина, элпарвар юртбошимиз билан бирга мисли кўрилмаган марраларни эгаллашимиз муқаррар!
Дунё тамаддунида ўзбеклар тарихининг янги саҳифасини яратиш даври келди. Янги қарашлар, янги фикрлар, ҳалоллик ва поклик билан янги ҳаёт қурайлик!
Фарида БЎТАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг