Бир сўм кассага, ўн сўм киссага
Энг яқин одамингиз дарддан қийналиб, бемажол нигоҳлари билан сиздан ёрдам кутади. Юрагингизни ҳовучлаб дорихонага югурасиз, лекин сотувчи «бу дори тугаб қолган эди-я», дея елка қисади. Бундай пайтда имконсизликдан ҳам ортиқ азоб, дард йўқ!..
Оиласи бошига ташвиш тушиб бошини қайси деворга уришни билмай юрган одамларнинг бу ҳолатидан фойдаланиб қолишга уринадиган устамонлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, улар бегона эмас, сизу биз билан ёнма-ён яшайди. Лекин ундай тоифадагиларнинг халқнинг ташвишидан фойдаланиб жарақ-жарақ пул ишлашга ҳаракат қилиши, пайт пойлаб кўзингизга чўп суқиб олиши билан баробардир.
Россияда ишлаб чиқариладиган «Арбидол» дори воситаси коронавирусни даволашда тавсия этилмоқда. Бугун орамизда дорихоналарда 75 — 80 минг сўм атрофида сотилаётган ушбу дори воситасини «қора бозор»да бир неча баробар қимматига сотишга уринаётган уддабуронлар ҳам учраб турибди.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилаётган рейд тадбирларида ана шу каби қонунбузарлик ҳолатлари фош этилмоқда.
Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро «Арбидол»нинг ҳар бир қутисини 480 минг сўмдан сотишга келишиб, 20 қути дори воситаси учун 9 млн. 600 минг сўм нақд пулни олдиндан санаб олди. Шундан сўнг Наманган вилоятида яшовчи ҳамтовоғига телефон қилиб, 20 қути дорига буюртма берди. Жиноий режага кўра, у Наманган шаҳридаги Чорсу бозори ёнида жойлашган «қора бозор»дан 20 қути «Арбидол»ни сотиб олиб, такси машинасидан жўнатиши, унинг қабул қилиб олган қўқонлик ҳамкор ҳайдовчидан 8 млн. 400 минг сўмни бериб юбориши керак эди. Аммо ўтказилган тезкор тадбирда уларнинг қилмиши иссиқ изида фош этилди. Шу тариқа гумонланувчи шахс 20 қути 400 дона «Арбидол» ва машинасидаги яна 23 қути “AZOPT” дори воситасини ҳам қўшиб, ашёвий далил билан ушланди.
Марғилон шаҳрида яшовчи яна бир "уддабурон" ушбу дори воситасининг ҳар бир қутисини 240 минг сўмдан сотаётганда қўлга олинди. Гумонланувчидан 27 та қутидаги дорилар ва унга ҳисобланган 6 млн. 480 минг сўм нақд пул ашёвий далил тариқасида олинди ҳамда тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шу кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳамкорликда ташкил этилган рейд тадбирларида вилоятнинг Фарғона шаҳрида, Бағдод туманида ҳам ана шу каби қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.
Қилмиш-қидирмиш, дейдилар. Қоронғуда топишганларнинг ғараз нияти амалга ошмади. Аслида ёмон ниятда топилган пул ҳеч қачон яхшилик учун хизмат қилмайди. Аниқланган бу каби барча жиноий хатти-ҳаракатлар учун қонун устуворлиги таъминланди. Тадбиркорлик фаолияти учун шунчаки расмиятчиликка ҳужжат қиладиган, бир сўмни –кассага, ўн сўмни – киссага уришга ҳаракат қиладиган "пихини ёрганлар" жинояти учун жазо муқаррардир.
Ботир МАДИЁРОВ,
("Халқ сўзи")
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг