Бир қадам олдинда юрмасангиз, кўп нарсадан бехабар қоласиз

15:46 09 Сентябр 2020 Сиёсат
1361 0

Давлатимиз раҳбари Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади” дея таъкидлади. Ушбу сўзлар замирида улкан янгиланишлар, катта режалар ҳамда эзгу ниятлар мужассам.

Буюк тарихимизга назар ташласак, минтақамизда биринчи Шарқ Уйғониш даври IX-XII асрларда рўй берган. Бу даврда қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, ички ва ташқи савдо, юрт ободлиги билан бир қаторда илм-фан ҳам юксак тараққий этди. Марказий Осиё минтақасидан етишиб чиққан буюк олимлар — Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Абу Бакр Розий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби кўплаб алломалар Шарқ ва Ғарбда аниқ ва табиий фанларнинг кейинги ривожига тамал тошини қўйдилар.

Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлик қилган XIV-XV асрларда бу жараён яна такрорланди. Бу даврнинг ўзига хос хусусияти шундаки, минтақада илм-фан ривожи турли соҳаларни, масалан, тиббиёт ва доришунослик, кон иши ва металлургияни янги босқичга олиб чиқди. Бунга Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» ва Берунийнинг «Сайдана» ва «Минералогия» асарлари мисол бўла олади.

Бугун, яъни олти асрдан сўнг, XXI асрнинг йигирманчи йилларида Ўзбекистон ривожланишнинг мутлақо янги босқичи — Учинчи Ренессанс даврига дадил қадам қўймоқда. Юртимизда Учинчи Ренессанс учун сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва тарихий шарт-шароитнинг мустаҳкам пойдевори яратиляпти. Бу жараёнда юксак мақсадларни амалга оширишда янги Ўзбекистоннинг қудрати жўш урган меҳнаткаш ва фидойи халқи ҳамда иқтидорли ёшлари асосий куч бўлади.

Ҳар бир Уйғониш даври илм-фандаги ютуқларнинг инъикосидир. Негаки, илм-фан ривожи жамият тараққиётига катта туртки беради. Буни Япония, Жанубий Корея, Германия каби энг ривожланган мамлакатлар мисолида кўришимиз мумкин. Жорий йилнинг «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилиниши билан Ўзбекистон илм-фани тараққиётида янги босқич бошланди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўзбекистон замини олтин, уран, мис, полиметаллар, фосфорит, каолин каби фойдали қазилмаларнинг кўплаб турлари захира ва ресурсларига бой ҳисобланади. Шунингдек, юртимиз ер ости табиий бойликлари орасида газ, нефть, кўмир каби ёқилғи-энергетика ресурслари мавжудлиги мазкур бойликлар қийматини янада оширади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар тоғ-кон саноати захиралари бўйича мамлакатимизнинг 20 фоиз майдони ўрганилган. Албатта, бу келгусида янги ва йирик конларни очиш истиқболлари мавжудлигини кўрсатади. Тоғ-кон саноатини геологиясиз ривожлантириб бўлмайди. Бугун Ўзбекистонда янги геология тизими яратилмоқда. Уни ривожлантиришдан мақсад — табиий ресурсларни халқимиз манфаатига йўналтиришдир.

Шу мақсадда Юртбошимиз ташаббуси билан замонавий Геология фанлари университети ташкил этилиб, унинг таркибига 4 та илмий-тадқиқот институти бирлаштирилди. Келгусида бу олий даргоҳни тугатиб чиққан геологлар ер қаъридан табиий бойликларни қидириб топишда катта ютуқларга эришади, давлатимизнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшадилар. Ишонч билан айтиш мумкинки, ёшларимиз орасидан геология соҳасида дунёга машҳур Ҳабиб Абдуллаев, Иброҳим Ҳамробоевдек забардаст олимлар етишиб чиқади.

Давр бошқа тармоқлар қаторида кон-металлургия соҳасида ҳам кенг тафаккур ва чуқур билимга эга ёшлар сафини янада кенгайтиришни талаб этмоқда. Биз бунга эришмоқдамиз.

Навоий кон-металлургия комбинатида бугунги кунда қобилиятли ёшларни тарбиялаш ва уларни бошқарув соҳасига кенг жалб этиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилаётир. Ёшларнинг кўпчилиги ишлаб чиқариш корхоналаридаги замонавий техника ва технологияларни пухта ўзлаштириб, янги ихтиро ва техник таклифларини бераётгани барчани қувонтиради. Натижада комбинатда илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар ва ишланмалар ишлаб чиқаришга тезкорлик билан татбиқ этиляпти.

Оддий айтганда, ҳозирги кунда бу соҳада бир қадам олдинда юрмасангиз, кўп нарсадан бехабар қоласиз. Ёшларимиз орасида замон билан ҳамнафас қадам ташлайдиган малакали муҳандисларимиз кўп. Комбинатнинг бугунги ютуқларида ёшларнинг ўрни катта. Комбинатни ёшлар корхонаси, деб атасак, муболаға эмас. Негаки, жамоанинг ўртача ёши 37 ёш бўлса, раҳбар ва мутахассислар орасида 30 ёшгача бўлганлар улуши 32 фоизни ташкил этади. Айни пайтда замонавий завод ҳамда корхоналарни бошқараётган ёшларнинг шижоат ва қатъияти, билим ҳамда ғайратини кўриб ҳавасинг келади.

Ренессанс даврида оламшумул кашфиётлар қилинган, йирик бунёдкорлик ишлари ва машҳур меъморий обидалар барпо этилган, асосийси, уларни рўёбга чиқарадиган буюк алломалар етишиб чиққан. Бу, ўз навбатида, давлат ва жамиятни янги босқичга олиб чиқишга асос бўлган.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ёшлари — Учинчи Ренессанс бунёдкорлари шиддатли ислоҳотлардан баҳра олиб, янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларида улкан ишларни амалга оширади. Улар орасидан Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби дунёга машҳур алломалар яна етишиб чиқади.

Қувондиқ САНАҚУЛОВ,
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер