Биогумусли тувакчалар ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилади
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, очиқ ердаги сабзавот экинларининг ярмидан кўпи ҳамда иссиқхоналар майдонларининг тахминан 90 фоизида ҳосил кўчат ўтқазиш йўли билан етиштирилади. Бу ўсимликларнинг ривожланишини тезлаштиради, эрта ҳосил олиш ва уни нисбатан юқори нархларда сотиш имконини беради.
— Шу билан бирга фермер хўжаликлари ери ҳамда иссиқхоналардан узоқ вақтдан буён фойдаланиб келиниши уларнинг унумдорлиги пасайишига, тупроқ таркибидаги гумус миқдорининг камайишига олиб келаётгани сир эмас, — дейди Табиий ресурсларни бошқариш миллий тадқиқот университетининг Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти таянч докторанти Сардор Орзиев. — Бинобарин, ёпиқ грунтларда кўчатлар етиштириш жараёнини тўлиғича илмий асосланган механизмлар ёрдамида амалга оширишни жорий этиш бугунги кунда соҳанинг долзарб муаммоларидан бири саналади.
Институт олим-тадқиқотчилари шу йўналишда изланишлар олиб бориб, муайян натижаларга эришдилар. Жумладан, кўчат етиштиришда биогумусдан тувакчалар тайёрлайдиган қурилма конструкцияси ишлаб чиқилди ва унинг тажриба нусхаси тайёрланди. “Кўчат етиштириш учун органик чиқиндилардан тувакчалар тайёрлаш қурилмаси” деб номланган ушбу ихтирога Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги томонидан фойдали модель патенти берилди.

Ушбу патент муаллифларидан бири, техника фанлари доктори, профессор Шавкат Имомов таъкидлаганидек, кўчат етиштириш учун тувакчалар тайёрлаш қурилмалари асосан хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилиши, хомашё сифатида торф маҳсулотидан фойдаланилиши назарда тутилса, уларни келтириш иқтисодий жиҳатдан бир қатор ноқулайликларни туғдиради. Шу боисдан уларни ўзимизда тайёрлаш фойдадан холи эмас. Қолаверса, тувакли кўчат нисбатан кучлироқ илдиз тизимига эга бўлади. Ўсишда тўсиқнинг йўқлиги туфайли 12—14 кун олдин ҳосил олиш имконини беради. Ҳосилдорлик 20-30 фоизга ошади. Эътиборлиси, тувакча тупроқ таркибида тўлиқ парчаланади. Натижада ердаги гумус миқдори кўпаяди. Бу эса ердан самарали фойдаланиш, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш гаровидир.
Айтмоқчи, институт олимлари томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари, хусусан, иссиқхона хўжалиги раҳбарларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг