Билимли ёшлар ўрнини имтиёзга эга абитуриентлар эгаллаб олмаяптими?
Фото: “Халқ сўзи”
Мамлакатимизда кейинги йилларда инсон манфаатларини таъминлашга жуда катта эътибор қаратилиб, хусусан, олий таълимга қабул жараёнида ҳам абитуриентларга бир қатор имтиёзлар қўлланилмоқда.
Андижон давлат чет тиллари институтида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинишича, бу йил йигит-қизлар 47 турдаги имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин. Савол туғилади: имтиёзлар таълим сифатига салбий таъсир қилмайдими? Масалан, беш йил иш стажига эга бўлган хотин-қизлар институтга қабул давомида маълум имтиёзларга эга. Шунингдек, айрим хизматчиларнинг фарзандларига ҳам бундай имтиёздан фойдаланишлари учун имконият яратилган. Бунинг натижасида юқори билим ва салоҳиятга эга бўлган баъзи йигит-қизлар ўқишга қабул қилиниш имкониятини бой бериб қўймаяптиларми? Уларнинг ўрнини имтиёзга эга бўлган абитуриент эгаллаб олмаяптими?
— Ундай эмас, — дейди институт ректори, профессор Дилшодбек Рустамов. – Сабаби, имтиёзлар қабул квоталарига таъсир қилмайди. Қолаверса, институтимизда талабаларнинг ўзлаштиришларидаги муаммоларни бартараф этиш, тенгликни таъминлаш мақсадида қўшимча дарс соатлари ташкил этилган. Хулоса қилиш мумкинки, институтимизда таълим сифатига бу каби қўшимча имтиёзлар салбий таъсир кўрсатмайди.
Дарвоқе, сўнгги йилларда институтда таълим сифатини юқори даражага олиб чиқиш учун хорижий ҳамкорлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Жумладан, 10 дан ортиқ давлатларнинг элчихоналари ҳамда ОТМлари билан ўзаро тажриба алмашиш, касб кўникмасини шакллантириш борасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг