Билимли ва ташаббускор ёшлар Ватан тараққиётига ҳисса қўшишга қодир

08:12 23 Апрель 2022 Жамият
2808 0

Инкор қилиб бўлмайдиган бир ҳақиқат борки, бу — келажагимиз, юртимиз тараққиёти билимли ёшлар қўлида эканлиги билан бевосита боғлиқ.

Шу боис мамлакатимизда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни етук инсонлар қилиб тарбиялаш, пухта билим эгаллашлари, спорт ва бошқа фойдали меҳнат билан шуғулланишлари йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Бош қомусимизда ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши ҳам бежиз эмас. Зеро, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, келажакда юқори марраларни забт этишида ҳам айнан мактабнинг ўрни беқиёс.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, умумтаълим мактаблари ёшлар тарбияси масаласида маҳалла, жамоат ташкилотлари, оилалар ва она-оналар билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритаётгани бугун ўз самараларини беряпти.

Ўқувчи-ёшларнинг дарсларга мунтазам қатнашишини таъминлашда, қолаверса, ўғил-қизларда Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатини юксалтиришда ҳам «оила — маҳалла — мактаб» ҳамкорлиги ва иштироки ғоятда зарур.

Яна бир муҳим жиҳат. Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган 5 та муҳим ташаббус ёшлар маънавиятини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, улардаги иқтидорни ривожлантириш, бандлигини таъминлаш, спорт соҳасида эришган ютуқларини янада кўпайтириш, касб-ҳунарга йўналтириш каби мақсадлар қамраб олинган. Мазкур вазифалар ижроси кутилган натижаларни бермоқда.

Жумладан, бугунги кунда беш муҳим ташаббусга мос равишда умумтаълим мактабларида «Маънавият куни» доирасида ташкил этилаётган турли тадбирлар ёшлар маънавиятини янада юксалтириш, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириш, юртига садоқатли бўлиш, ўзаро меҳр-оқибат каби фазилатларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Зотан, одоб-ахлоқ, билимдон, меҳнатсевар фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир.

Яқинда бизнинг Сергели тумани 269-умумтаълим мактабимизда ҳам «Эски шаҳар гаврошлари» мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

«Ҳунарли киши хор бўлмас» шиори остида ташкил этилган ушбу тадбир доирасида ўқувчилар фаоллигида театр ва спектакллар саҳналаштирилгани барчада катта таассурот қолдирди.

Ёшлар ижросидаги саҳна намойишларида оила муқаддас даргоҳ эканлиги, ёшлар таълим-тарбиясида оила, маҳалла, таълим муассасалари ва кенг жамоатчиликнинг тутган ўрни ва аҳамияти, ўқувчилар одоби, маънавияти ҳамда маданияти тарғиб этилди.

Шунингдек, ҳунарли киши ҳаётда ўз ўрнини топиши, ўз касби билан жамиятга фойда келтириши ўқувчиларимизнинг ижодий маҳорати орқали очиб берилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тадбир доирасида ўқувчи-ёшлар ўртасида «Темурийлар тарихи билимдони» кўрик-танлови ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчилар Темурийлар даври тарихига оид саволлардан келиб чиқиб, ўша даврлардаги ҳаёт ҳақида, хусусан, илм-фан, маданият, таълим-тарбия, касб-ҳунар соҳасининг ривожланишига оид маълумотларга мурожаат этишди. Бу эса ўқувчилар билимини янада мустаҳкамлаб олишларига замин яратди, десак, муболаға бўлмайди. Танлов ғолиблари диплом билан тақдирланди.

Ўз навбатида, тадбирлар давомида Ватанни мадҳ этувчи мусиқий чиқишлар ва куй-қўшиқлар янгради. Бундан ташқари, бир қатор интеллектуал ўйинлар мусобақаси ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар мактабимиз ўқувчиларини янада фаол бўлишга ундамоқда.

Мақсадимиз аниқ — ўқувчи-ёшларни илм-фанга, касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишни янада кучайтириш, улар ўртасида ижод, маданият, санъатни тарғиб қилиш, уларни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялаш, бир сўз билан айтганда, ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин топишларига кўмаклашишдан иборатдир.

Зеро, билимли, ташаббускор ва интеллектуал салоҳияти юқори ёшлар Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга қодир бўлади.

Дилдора МАРДОНОВА,

Сергели тумани 269-умумтаълим мактаби

Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер