Берлинда ташкил этилган “Яшил ҳафталик — 2024” кўргазмасида Ўзбекистон делегацияси фаол қатнашмоқда

21:18 20 Январь 2024 Иқтисодиёт
761 0

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати

Айни кунларда Германиянинг Берлин шаҳрида “Яшил ҳафталик — 2024” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Кўргазмада Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги мамлакатимиз делегация вакиллари ҳам иштирок этишмоқда.

“Яшил ҳафталик — 2024” халқаро кўргазмасининг очилиш маросимида вазир Иброҳим Абдураҳмонов “Uzbekistan” павильонига бориб, у ердаги юртимиздан келтирилган тури хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўздан кечирди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, кўргазмада иштирок этаётган турли давлат вакиллари айнан “Uzbekistan” павилонига катта қизиқиш билдирмоқда. Яна бир сабаб сифатида шуни айтиш мумкин, мамлакатимиз павильонида Ўзбекистондан келган ошпазларимиз томонидан палов ҳам тайёрланди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати

Халқаро кўргазма доирасида турли мамлакатлардан келган делегациялар билан мулоқотлар ҳам бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Венгрия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жолт Фелдман ўртасидаги учрашувда чорвачилик йўналишида ҳамкорлик алоқалари, картошкачилик, хусусан картошкани Ўзбекистон иқлим шароитига мос навларини етиштириш бўйича музокаралар олиб борилди.

Мулоқот якунида икки томон вакиллари ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан фикрлар алмашди.

Кўргазма доирасида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Германиянинг Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ҳамда Германия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, қишлоқ хўжалигида илм-фан истиқболлари, икки томонлама ҳамкорликнинг “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда бу борада ишчи гуруҳ тузиш масалалари учрашувнинг асосий муҳокама мавзусига айланди.

Кўргазма доирасида “XVI Қишлоқ хўжалиги вазирлари конференцияси” ташкил этилди. Унинг доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Германия Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазири Жем Ўздемир ўртасида ўзаро танишув маросими бўлиб ўтди.

Кўргазма давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер