Беларусь Республикасидаги Топиволдиевка қишлоғи кимнинг номига қўйилганини биласизми?

14:26 07 Ноябрь 2023 Жамият
657 0

Фото: “Халқ сўзи”

Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони, Риштон туманининг Пандигон қишлоғида таваллуд топган Беларуссия ҳудудидаги жангларда мислсиз жасорат кўрсатган эди. Шу боис ушбу мамлакатдаги қишлоқлардан бирига мард ўзбек ўғлони шарафига – Топиволдиевка номи берилган.

Куни кеча Беларусь Републикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич бошчилигидаги мамлакат делегацияси Риштон туманига ташриф буюрди. Меҳмонлар дастлаб уруш қаҳрамони Мамадали Топволдиев номи берилган 27-умумтаълим мактабида бўлишди.

Тадбир давомида ҳудуддаги 30-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг қўшиқ ва рақслари, мактаб ўқувчилари, тарих фанлари номзоди Тўлқин Зоҳидовнинг Мамадали Топволдиев ҳақидаги маълумотлари, шунингдек, Тошкентдаги Беларусь маданий маркази бадиий ансамбли иштирокчиларининг чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

— Бугунги авлод Иккинчи жаҳон урушида катта жасорат ҳамда матонат намуналарини кўрсатган, Ватан ҳимоясида фидойилик қилган ота–боболаримизни ҳеч қачон унутмайди, — деди элчи. —Ишонамизки, нафақат ўзбекистонликлар, балки беларусликларнинг ҳам фахрига айланган Мамадали Топволдиевнинг жангларда кўрсатган афсонавий қаҳрамонлиги қалбимизда ҳамиша барҳаётдир. Биз белорус халқига тинч ҳаётни бахш этган ва шу маънода икки элнинг фарзанди Мамадали Топволдиевнинг қаҳрамонликларини ҳеч қачон унутмаймиз.

Шу куни меҳмонлар туман ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамроҳлигида Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони мангу қўним топган қабристонда бўлишиб, унинг бюсти пойига гулчамбарлар қўйишди. Хотирлаш тадбири давомида мамлакат Президентининг фармонига кўра, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Мамадали Топволдиевга Беларусь Республикаси мустақиллиги куни муносабати билан берилган медаль унинг фарзандларига тантанали равишда топширилди.  

Меҳмонларга Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов ҳамда Риштон тумани ҳокими Баҳодир Холиқовлар ҳамроҳлик қилишди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер