Бандлик муаммолар ечимида қўл келади

16:25 02 Октябр 2021 Жамият
2430 0

Фото: "Халқ сўзи" - Ҳасан Пайдоев

Ёшлар, хотин-қизлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар. Бугунги кунда аҳолининг ушбу қатлами билан ишлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Бу борада “йўл харита”лари ҳам ишлаб чиқилиб, ҳудудларда ижросини топмоқда.

Жумладан, биргина Қувасой шаҳар прокурори Ш. Мадумаров иккинчи секторга бириктирилган маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш ишларини самарали ташкил ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиб келяпти.

Шу мақсадда 8 та йўналиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ҳар бир бандида белгиланган вазифаларнинг ижроси алоҳида назоратга олинган. Ўтказилган хатлов натижаларига кўра 2-сектор бўйича 4027 та хонадон мавжуд.

— Асосий эътибор, “ёшлар дафтари”га киритилганлар бандлигини таъминлашга қаратилган, — дейди Қувасой шаҳар прокурори Ш. Мадумаров. Шунингдек, ногиронлиги бор ёшлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари ва четга ўқиш ва ишлашга чиқиб кетган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жорий йилда шаҳар ҳудудида учрашувлар ўтказиб, 125 нафар ёшнинг муаммоларини ҳал этиш учун тегишли чора-тадбирлар белгиладик. Бу борадаги ишларимиз изчил давом эттириляпти.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида “ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг ишлаш истагини билдирганларнинг 256 нафари ишга жойлаштирилди. 27 нафар ишсиз ёшни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлаштирилган.

Ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида “Исфайрамсой” МФЙ ҳудудида “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилиб, мазкур марказларда ўқишга 84 нафар ёш жалб этилди. Етти нафар ёшларга жами 217 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

“Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд ёшларни моддий қўллаб-қувватлаш учун шакллантирилган 353 млн. сўм жамғарма маблағларидан 304 млн. сўми сарфланди.

Мисол учун, дафтарда турувчи Л. Шуҳратовга асаларичилик учун 25 млн. сўм,  С.Мўминовага тикув машина сотиб олиш учун 31 млн. сўм банк кредити олиб берилиб, фаолиятларини йўлга қўйилишига кўмак берилди. Кўплаб ёшлар бандлигини таъминлаш учун турли хилдаги меҳнат қуроллари ва жиҳозлари олиб берилди.

Бироқ, ёшларни меҳнат қуроллари ва жиҳозлар билан таъминлашнинг ўзи улар фаолиятини йўлга қўйишлари учун етарли эмас. Шу сабабли, Қувасой шаҳрида тажриба синов тариқасида “ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшларнинг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Мақсадли ёшлар” кооперативи ташкил этилди ва 110 нафар ёшга ушбу кооперативга аъзолик сертификати топширилди.

Ушбу кооператив томонидан “Cаll марказ” ташкил этилди. Марказнинг асосий вазифаси ёшларга хизмат кўрсатиш турига қараб буюртмалар олиб, йўналтириш, уларнинг кунлик ишларини ташкил этишга ёрдам кўрсатиш ҳамда ёшларнинг техникаларида юзага келган носозликларини бартараф этишга кўмаклашиш қилиб белгилаб берилди.

Ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида шаҳар прокурори секторидаги Пакана массивида 10 гектар майдонда “Ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этилди. Бу саноат зоналарида 11 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 175 та янги иш ўрини яратиш кўзда тутилган.

Қолаверса, бугунги кунда шаҳардаги 6 та маҳалла ҳудудида биттадан “Зиё маскани” китоб дўкони ташкил этилмоқда. Натижада 10 нафардан зиёд ёшлармизни бандлиги таъминланади ҳамда ҳудудлардаги аҳоли ва ёшларнинг китобхонлик даражасини оширилишига эришилади.

Боғча ёшидаги болалар қамровини ошириш мақсадида қўшимча 350 қувватга эга 4 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилмоқда. Бунинг натижасида боғча ёшидаги болалар қамрови оширилишига эришилиши билан бир қаторда, 12 нафар ёшларга янги иш ўринлари яратилиши таъминланади.

Ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни фойдали меҳнатга жалб қилиш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун 138 гектар ер майдонларини фойдаланишга бериш орқали 373 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Ажратиб берилган ер майдонларига ёшлар томонидан экин экиш ва парваришлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, прокурор секторидаги “Пакана” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўн гектар ер майдони 40 нафар ёшга 25 сотихдан ажратилди. Мазкур ер майдонларига кунгабоқар уруғини эктириб, ёшларга бириктириб берилди.

Ёшларнинг спорт, маданий-маърифий тадбирларга жалб этиш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича ҳам тизимли ишлар ташкил этилиб, ҳар куни спорт ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Мактаб ва коллежлар спорт залларидан самарали фойдаланиш учун биттадан жисмоний тарбия ўқитувчиси танлаб олиниб, “Маҳалла спорт тарғиботчиси” этиб тайинланди. Уларнинг иш ҳақига 20 фоиз устама маҳаллий бюджетдан тўлаб бериш белгиланди. Маҳаллий бюджетдан 19.7 млн. сўм ажратилиб, мактабларга 87 дона 3 хил мусиқа асбоблари, 87 млн. сўмлик спорт жиҳозлари ва бадиий адабиётлар тўлиқ етказиб берилди.

Бундан ташқари, маҳаллаларда 42 та “Воркаут” спорт майдончалари ташкил этилган бўлиб, мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Иккинчи секторда аҳоли муаммолари билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

— Секторларда ишларни ташкил қилишда, аҳоли билан юзма-юз учрашувлар ташкил қилишга устувор аҳамият бериб келганмиз, — дейди прокурор. — Жорий йилнинг ўтган даврида 60 маротаба ёшлар ва хотин-қизлар билан учрашувлар ҳамда сайёр қабуллар ўтказиб, уларда 211 та муаммо билан мурожаат қилган фуқароларнинг 123 таси ёки 58,2 фоизи ижобий ҳал этилган.

Секторда маҳаллабай ишлаш тизими бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 98 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 65 нафари суюлтирилган табий газ баллони билан таъминланди, 2 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилди, 2 нафарига даволаниш учун имтиёзли ордер берилди, 65 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун 1,1 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит олишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Ишчи гуруҳлар томонидан уйма-уй юриш орқали аҳолининг реал турмуш шароитлари ўрганилиб, аниқланган 492 та муаммонинг барчаси бартараф қилинган.

Сектор раҳбарининг амалий ёрдами билан 6 та кўп қаватли уйларнинг том қисми, 3 тасининг йўлак қисми, 3 тасининг коммуникация тизимлари таъмирланди. Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 1 дона трансформатор пункти янгитдан ўрнатилди ҳамда таъмирдан чиқарилди, 40 дона бетон электр таянчлар ўрнатилди, 883 метр янги электр тармоғи тортилди. Натижада 35 та хонадоннинг электр энергияси билан боғлиқ муаммолари ҳал қилинди, 38 та носоз ҳолатга келиб қолган кўча чироқлари алмаштирилди.

Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 11,6 км. янги тармоқ тортилиб, 1 та сув насоси таъмирдан чиқарилди, 106 та хонадоннинг ичимлик суви билан боғлиқ муаммоси тўлиқ бартараф этилди. Йўл хўжалиги билан боғлиқ муаммолари бўлган аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллаларда ички йўлларни таъмирлаш бўйича 12,5 км. шағал ётқизилиб, йўл четлари тозаланди.

Яна бир муҳим жиҳат. Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида сектор ҳудудидаги ташаббускорлар билан доимий равишда учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари таҳлил қилиниб, кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида 2 тасининг фаолияти қайта тикланди. Бундан ташқари, битта тадбиркорга 33 млн. сўм кредит, бештасининг электр, газ ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йилда 255 нафар ногиронга тиббий ёрдам кўрсатилиб, 19 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилган, 6 нафарига 1,2 млн. сўмлик дори-дармонлар тарқатилган, 5 нафарига аравача, 1 нафарига қўлтиқтаёқ, 74 нафар ёрдамга муҳтож фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари, 63.1 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

2-сектор раҳбарининг маълум қилишича, асосий эътибор “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан янгича маҳаллабай тамойили асосида ишлаш ва уларни рўйхатдан чиқаришга қаратилади. Бунинг учун аниқ режалар белгилаб олинган.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер