Бахшичилик санъати ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди

22:28 16 Декабрь 2021 Маданият
2315 0

Архив сурат

Шу йилнинг 13-18 декабрь кунлари Парижда ЮНEСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг XVI сессияси виртуал режимда ўтказилмоқда. Аҳамиятлиси, ушбу сессия маданий ҳаётимиздаги тарихий воқелик сифатида эсда қоладиган бўлди.

Туризм ва спорт вазирлиги маълумотларига кўра, мазкур анжуманда халқимиз асрлар давомида севиб-ардоқлаб келаётган бахшичилик санъати Ўзбекистоннинг номоддий маданий мероси элементи сифатида Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди.

Қайд этиш керакки, давлатимиз раҳбари 2019 йили Термизда ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали очилишига бағишланган тантанали маросимда тенгсиз маънавий бойлигимиз бўлмиш мумтоз санъатни, халқ ижодининг нодир намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни келгуси авлодларга безавол етказиш жаҳондаги илғор фикрли олимлар ва санъаткорларнинг, давлат ва жамоат арбоблари, барча маданият аҳлининг эзгу бурчи эканини таъкидлаган эди.

«Бахшичилик санъати» бўйича номинацион пакет Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистоннинг ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси томонидан тайёрланиб, 2020 йилда Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасига тақдим этилди. Икки йил давомида ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссия ва Ўзбекистоннинг Париждаги доимий делегацияси Қўмитага аъзо давлатлар, Баҳолаш комиссияси ва ЮНEСКО Котибияти билан ҳамкорликда мазкур элементни тарғиб қилиш бўйича фаол иш олиб борди.

Сессия доирасида Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистоннинг ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси томонидан «Бахшичилик санъати» номинациясининг тақдимоти ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига ушбу санъат турини асраб-авайлаш ҳамда миллий ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш бўйича ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Бунда Президентимиз раҳбарлигида сўнгги йилларда бу нодир санъатни қайта тиклаш, жумладан, Ўзбекистонда ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

2019 йилнинг апрель ойида Термиз шаҳрида бўлиб ўтган «Жаҳон цивилизациясида бахшичилик санъатининг тутган ўрни» мавзусидаги анжуманнинг муҳим хулосалари, бахшичиликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, шунингдек, ушбу санъат турини келажак авлодга муносиб етказиш мақсадида ихтисослаштирилган коллеж ва олий ўқув юртларида ёш бахшиларни тайёрлаш бўйича ўқув дастурлари ҳам муҳокама марказида бўлди.

Баҳолаш комиссияси раиси Л.Волансканинг таъкидлашича, бахшичилик санъати ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг ноёб тарихий-маданий мероси ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, бу санъат ватанпарварлик, меҳр-муҳаббат, дўстлик ва ҳамжиҳатликка чақирувчи достонлар, халқ ижодиёти намуналари, ривоят ва афсоналар асосида яратилган. «Кўплаб этник гуруҳларга тегишли бўлган элементнинг ижодий хусусияти ижодкорлик ва маданий хилма-хилликка бўлган ҳурмат-эҳтиромни таъминлайди», деди у.

Тадбирда Ўзбекистон ҳудудида бахшичиликнинг ривожланиш тарихини акс эттирувчи махсус видеоролик намойиш этилди.

Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси ушбу элементни Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритишни аккламация (кенг консенсус) йўли билан ҳеч қандай дебатлар ва овозга қўйишларсиз маъқуллади.

Баҳолаш комиссияси вакилларининг фикрича, бахшичилик санъати ноёб тарихий-маданий мерос бўлиб, номинациялар тўплами ушбу миллий элементни Репрезентатив рўйхатга киритиш учун барча мезонларга жавоб беради. Қабул қилинган қарор ЮНEСКО кўмагида бахшичилик санъатини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва тарғиб қилиш чора-тадбирларини миллий ва халқаро миқёсда янада кучайтиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, «Бахшичилик санъати» Ўзбекистон Республикаси томонидан Репрезентатив рўйхатга киритилган номоддий маданий мероснинг олтинчи элементи бўлди. Бунга қадар ушбу рўйхатдан «Бойсун тумани маданий макони» (2008), «Катта ашула» (2009), «Аския» (2014), «Палов маданияти ва анъаналари» (2016) ва «Лазги» (2019) ўрин олган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳаммуаллифликда «Шошмақом» (2008), «Наврўз» (2016) ва «Миниатюра санъати» (2020) номинацияларини илгари суришда иштирок этди.

Келгуси йилларда «Ўзбекистон кулолчилик мактаби» миллий элементлари, шунингдек, бошқа давлатлар билан «Ҳунармандчиликнинг анъанавий услуби» ва «Рубоб чалиш», «Марказий Осиёда анъанавий каштачилик услуби», «Хўжа Насриддин қиссаларини айтиш анъанаси» каби кўп миллатли номинацияларни Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси муҳокамасига киритиш режалаштирилган.

Дилшод КАРИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер