Бахшичилик мактаби ўқувчилари учун янги турар жой фойдаланишга топширилди

20:23 29 Декабрь 2022 Жамият
806 0

Фото: Халқ сўзи

Янги йил байрами арафасида Термиз шаҳридаги бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган республика мактаб-интернати ўқувчилари учун турар жой биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, Ўзбекистон темир йўллари» АЖ компанияси вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тақдимот маросимида давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан бахшичилик санъатини ривожлантириш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Хусусан, 2019 йилда Термиз шаҳрида бўлиб ўтган Биринчи халқаро бахшичилик санъати фестивалида ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари тараннум этилди. Шунингдек, Термиз шаҳрида фаолият олиб бораётган ушбу бахшичилик мактаб-интернати кўплаб иқтидорли ёшларни камолга етказишда муҳим ўрин тутмоқда. Ҳозирда бу ерда Қашқадарё, Фарғона, Самарқанд, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан ўқувчилар келиб таҳсил оляпти.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ қурилиш корхонаси томонидан янгидан барпо этилган 150 ўринли замонавий турар жойда ўқувчилар учун барча қулайликлар яратилди. Кутубхона, соғломлаштириш хонаси, ногиронлиги бор ўқувчилар учун алоҳида ётоқхона мавжуд.

— Юртбошимиз таъбири билан айтганда, бахшичилик - бу инсониятнинг болалик қўшиғидир, — дейди бахшичилик мактаб-интернати ўқитувчиси, Ўзбекистон халқ бахшиси Шодмон бахши Хўжамбердиев. — Жумладан, ўзбек халқ достонлари миллий қадрият ва анъаналаримизни ўзида ифодаланган боқий дурдона саналади. Бугунги кунда ана шу ўлмас меросни кўз қорачиғидек асраш, уни келгуси авлодларга етказишга қаратилган юксак эътибор ҳар қанча таҳсинга муносибдир. Биз, бахшилар устозлардан ўрганган достон ва термаларни шогирдларга етказишга астойдил интилмоқдамиз. Бунинг учун мактаб-интернатимизда барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Янги турар жой биносининг қурилгани ўқувчиларимиз учун Янги йил байрами арафасида муносиб туҳфа бўлди.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер