Бағдод даштида бодомзор
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилоятининг Бағдод туманида "Fergana-spinning“ МЧЖ шаклидаги пахта-тўқимачилик кластери ташаббуси билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўп йиллар давомида фойдаланилмаган ер майдонида бодомзор барпо этилди.
Таъкидлаш керакки, яйдоқ дашт ҳудудида бир гиёҳ ундириш ва ундан ҳосил олиш осон иш эмас. Қақраб-қақшаб ётган ариқларга сув келтириш машаққатинику, гапирмаса ҳам бўлади.
— Даштга унумдор тупроқ ташиб келтирилди ва 200 туп бодом кўчати экилди, — дейди кластер директори ёрдамчиси Дурбек Обобакиров. — Шу тариқа 1,5 километр масофадан янги ариқ қазиб, ниҳолларни суғориш учун сув ҳам келтирилди. Боғимиз гуллаб-яшнаб ҳосилга кирса, топилган даромадни ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга йўналтиришни мақсад қилганмиз.
Айтиш ўринлики, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида пахта-тўқимачилик кластери жамоаси томонидан Бағдодда янги яшил майдонлар барпо қилиш ва 10 минг тупдан ортиқ гул, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг