Бағдод буғдойи баракаси
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилояти Бағдод туманида жорий йилда қарийб 200 та фермер хўжалиги томонидан 7 минг 860 гектар майдонда ғалла етиштирилди. Бағдодлик фермерлар давлат омборларига 20 минг 830 тоннадан ортиқ ғалла топшириб, Бешариқ, Бувайда, Фурқат туманлари ғаллакорлари қаторида шартнома режасини бажаришга муваффақ бўлдилар.

Айни пайтда туманда ташкил этилган 23 та ўрим-йиғим отряди томонидан элимизнинг ризқ-насибасини сифатли йиғиштириб олиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Хориждан иқлим шароитига мос янги навлар олиб келиб маҳаллийлаштирилаётгани, соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар кенг татбиқ этилаётгани туфайли ҳар бир гектар ердан ўртача 85-100 центнердан ҳосил олинишига эришиляпти.
«Боғи эрам Бағдод» фермер хўжалиги раҳбари Обидахон Раҳимова тажрибали фермер. Фермер хўжалиги аъзолари 32 гектар ғалла майдонида Россиядан олиб келинган серҳосил ғалла навларини парваришлаб, ҳар гектар ердан ўртача 100 центнердан ҳосил олди.

— Бу йилги ҳосил чўғидан мамнунмиз, — дейди «Замин зиё» фермер хўжалиги раҳбари Акмалжон Қўзиев. — 50,6 гектар ерга «Аср», «Замин» навларини эккан эдик. Ҳар гектар ердан 100 центнердан ошириб ҳосил олиб, юзимиз ёруғ бўлди.
Президентимиз қарори асосида ғалла харид нархи бўйича эркин бозор тамойиллари жорий этилгани самараси сифатида жорий йилда фермер А. Қўзиев биргина буғдойдан ўртача 550-600 миллион сўм даромад олишни режалаштирмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, Бағдод тумани фермер хўжаликлари ташаббуси билан ҳудуддаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга бепул равишда чорва озуқаси бўлган сомон, буғдой тарқатиляпти. Шунингдек, кам таъминланган оилалар, ёшларга такрорий экин экиши учун ғалладан бўшаган майдонлар имтиёзли равишда ажратиб берилмоқда.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг