Автомашиналар нархи бўйича берилган жавоблар депутатларни қониқтирмади 

20:50 11 Март 2020 Жамият
2644 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан UzАutoMotors АЖ мутасаддилари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.

Аҳамиятлиси, жуда қизғин кечган ушбу мулоқотни кўплаб оммавий ахборот воситалари бевосита, тўғридан-тўғри ёритиб борди.

Унда кейинги пайтларда аҳоли томонидан оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда автомобилларнинг нархи ошиши муносабати билан бўлаётган турли танқидий чиқиш ва муносабатлар юзасидан UzАuto Motors АЖ мутасаддиларидан тушунтириш бериш сўралди.

Депутатлар мутасаддиларга саволлар билан мурожаат этиб, бир қатор масалаларни кўтарди.

Чунончи, депутат Қодир Жўраев нима учун автомобиллар нархи ими-жимида оширилгани, шунингдек, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар халқимиз учун қиммат нархга, чет элда, хусусан, Россияда арзон нархда сотилаётгани ҳақида мурожаат қилди.
 

UzАutoMotors АЖ вакили Шуҳрат Мирсамуков нархларни оширишдан аввал анча вақт ўрганишлар олиб борилгани, таҳлиллар ўтказилганини, шундан сўнг нарх-наво оширилганини маълум қилди.

— Аҳолимизга сотилаётган автомобиллар хорижга экспорт қилинаётган машиналардан қиммат эмас, — деди Ш. Мирсамуков. Масалан, “Кобальт” автомашинаси Ўзбекистон бозорида 10028, Россияда — 10138, Қозоғистонда эса, 10684 АҚШ долларидан сотилмоқда. Ёки мамлакатимизда 9101 АҚШ долларига сотилаётган “Нексия” автомашинаси Россияда — 9831, Қозоғистонда — 9129 доллар туради. Худди шундай, “Спарк” 7710 доллар, Россияда — 9831, Қозоғистонда 10579 доллар бошланғич нархларни ташкил этади. Энди интернетда, ОАВда тарқалаётган кўп хабарлар бор, яъни сайтдан олингандай қилиб, арзон нархлар кўрсатилади, бу бўйича ҳам ўрганиб чиқдик. Бу ўша корхоналар ишлаб чиқараётган стратегия, улар бизнинг дилерлардан автомашиналарни олган, одамларни жалб қилиш мақсадида арзон нархларни кўрсатади ва пулини олади, лизинг дейди, хуллас, ҳар хил важларни кўрсатиб, бошқа машинани сотишга ҳаракат қилади. Улар бизнинг расмий дилерларимиз эмас. Уларга ишонмаслик керак.
 

Расул КУШЕРБАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Автомашиналарнинг экспорт варианти билан ўзимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сифатида фарқ бор. Экспорт вариант жуда яхши дейишади, ман ўзим кўрмаганман, афсуски, биз фуқаролар экспорт вариантни сотиб олишдан маҳруммиз. Ўзимизнинг маҳаллий аҳоли учун ишлаб чиқарилаётган автомобилларни, мисол учун, ўзимда синаб кўрдим, нуқсонлар билан чиқариляпти. Яъни ҳар бир олинган автомобилга Сергели бозоридан бориб, 400-500 минг сўмдан 1 миллионгача харажат қилиб, қолиб кетган пробкаларни қоплаб чиқиш керак. Тасаввур пайдо бўляпти. Сергели бозорлари маъмурлари билан завод ўзаро келишиб олганми? Гўёки, бозорга боришингиз билан қаерда қандай нуқсони борлигини ўзлари топиб беришади. Нима учун ўзимизнинг аҳолимизга экспортга чиқарилаётган машиналар каби сифатли чиқарилмайди.
 

Рустам ҚОДИРОВ, “Uzavtosanoat” АЖ стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи:

— Ҳар қандай автомобиль ишлаб чиқарувчи заводда бундай камчиликлар бўлади. Чунки, ишлаб чиқаришда инсон омили бор. Аммо, бизда сиз айтган ҳолат унчалик кўп учрамайди. Агар бундай нуқсонлар аниқланса, бизга хабар берилса, уни тузатишга, ишлаб чиқариш жараёнида камчиликни бутунлай тузатишга ҳаракат қиламиз.

Хорижга чиқарилаётган машиналарнинг сифати, комфорти эса, ҳар бир давлатнинг ўзига хосликлари, масалан, иқлим шароитидан келиб чиқиб, мослаштириб ишлаб чиқарилади. Масалан, Россия Федерациясига экспорт қилинадиган машиналаримизнинг олд ўриндиғи тагида оёқни иситувчи печлар ўрнатилади. Сабаби, Россиянинг иқлими совуқ. Йилнинг асосий қисми иссиқ келадиган юртимизда эса, машиналарни бундай эҳтиёт қисмлар билан жиҳозлашга эҳтиёж йўқ. Бўлган тақдирда ҳам ҳар бир деталь машина нархи ўсишига сабаб бўлади.

Депутатлар кўтарган ҳар бир масалага “Uzavtosanoat” АЖ “Uzavtomotors” АЖ мутасаддилари ва мутахассислари аниқ мисоллар билан ойдинлик киритишга ҳаракат қилишди. Ҳозирги пайтда автозаводларда ишлаб чиқилаётган автомобилларнинг эҳтиёт қисмлари юз фоиз Ўзбекистонда тайёрланмаслиги сабабли жаҳон бозорида кузатилаётган беқарорлик умумий нархларга ўз таъсирини ўтказаётганини маълум қилишди.

Бироқ мутасаддиларнинг жавоби депутатларни қониқтирмади. Улар бу ҳолат халқимиз томонидан норозиликлар келтириб чиқарилганини қайд этишди.

Зиёда АШУРОВА.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер