Автобусда гиёҳванд модда сотган ҳайдовчи қўлга олинди

10:30 16 Март 2026 Жамият
196 0

Тошкент вилоятида «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг кўламли тезкор-профилактика ойлиги доирасида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят аниқланиб, фош этилди.

Нурафшон шаҳри Ички ишлар бўлими тезкор ходимлари томонидан шаҳардаги Бобур кўчаси ҳудудида шартли харидорга 2 дона полиэтилен ўрамдаги гашиш гиёҳвандлик воситасини 400 минг сўм эвазига сотган вақтида далилий ашё билан ушланди.

— Гумонланувчи 1985 йилда туғилган ва шу кунгача жамоат транспорти ҳайдовчиси бўлиб ишлаб келган. Ҳолат унинг бошқарувидаги хизмат автобуси ичида содир бўлган, — дейди Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов. — Гиёҳвандлик воситаларига қонунга хилоф равишда муомала қилиш 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Тадбир давомида унинг ёнидан ҳамда бошқарувидаги автобусдан яна 9 та ўрамда, жами 11 ўрамда 5 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасини сотиш мақсадида сақлаб келганлиги аниқланди ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент вилояти бўйлаб «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг кўламли тезкор-профилактика ойлиги доирасида тезкор тадбирлар давом этмоқда.

Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер