Аср оша янграйди бир куй...
Фото: Иллюстратив фото
«Андижон полькаси» куйини тингламаган, шўх, ўйноқи оҳангга рақс тушмаган ҳамюртимиз топилмаса керак. Ўзбек халқи маданияти ифодаси сифатида кўплаб давлатларда янграган бу куй яралганига, мана, 100 йил тўлибди. У ўзбек халқ чолғу куйи бўлиб, 1922 йилда андижонлик бастакор Ориф гармонь Тошматов томонидан басталанган. Ўша даврлар кенг тус олган оммавий рақс майдонларида бу тарона такрор ва такрор янграйдиган бўлди. «Андижон полькаси» шу қадар машҳур бўлиб кетдики, ҳатто 1957 йилга келиб шу номдаги рақс ансамбли ҳам ташкил топди.
Куй ва рақснинг яратилиши
Андижон шаҳри марказида Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғига 1920 йилларда асос солинган бўлиб, ўша пайтларда ҳам бу манзил одамлар билан гавжум бўлган. Ҳар оқшом сайллар ташкил этилган, куй-қўшиқлар дам олувчиларни рақсга чорлаган. «Қизиқ, — ўйлаб қолади бир куни бастакор Орифжон Тошматов. — Нима учун ҳамма халқнинг рақсбоп куйи бору, бизда йўқ?» Ана шу савол уни «Андижон полькаси»ни басталашга ундайди. Шу тариқа 1922 йилда умрбоқий куй яратилади. Тез орада ушбу куйга рақс саҳналаштирилиб, айнан мана шу боғдаги саҳнада оммага ҳавола этилади.
Нега Ориф гармон?
Ўз-ўзидан савол туғилади. «Андижон полькаси» куйини басталаган Ориф Тошматовни нима учун «Ориф гармон» дейишган?
Бу саволга жавоб топиш учун Андижон шаҳридаги «Гумбаз» маҳалла фуқаролар йиғинининг файзли хонадонларидан бирида бўлиб, бастакорнинг кенжа синглиси Шаҳодатхон ая Худоёрова ҳузурида бўлдик.
Бу йил 85 ёшни қарши олган Шаҳодатхон аянинг хотирлашича, Орифжон Тошматов 1891 йилда туғилган ва ўз даврининг моҳир созандаси, актёри ва бастакори бўлган. 1941 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган. Дутор чалишни отаси Тошмат ҳофиздан, гармонь чалишни эса амакиси Ҳожи гармондан ўрганган. Хоразм халқ чолғу асбоби бўлмиш гармонни Фарғона водийсида кенг тарғиб қилган мусиқачилардан бири бўлиб, асосан гармонда ижод қилган. Мана шу чолғу асбоби орқали «Абдураҳмонбеги», «Муножот», «Ором», «Андижон полькаси», «Тановар», «Дилхирож» ва бошқа ўзбек куйларини, «Насруллойи», «Баёт», «Бузрук», «Наво» сингари мақом йўлларини нафислик билан ижро этган.
Кавказда «Андижон полькаси» номли ресторан қандай пайдо бўлганди?
Ориф гармон Тошматовнинг набираси Саидахон Худоёрованинг ҳикоя қилишича, 1930 йилда андижонлик бир йигит Кавказда сафарда бўлади. Мавриди келганда «Андижон полькаси» ҳақида гапириб, даврадагиларни қизиқтириб қўяди. Шунда мезбонлар ундан шу куйни хиргойи қилиб беришларини сўрайди. Кайфият бахш этувчи оҳангга маҳлиё бўлиб қолган сафдагилар шу заҳоти қўлларига соз олиб, жўр бўладилар. Қарабсизки, «Андижон полькаси» ўзга мусиқа чолғу асбоблари орқали янгича талқинда янграйди. Куй жуда тез фурсатда ўша манзилларда ҳам оммалашиб кетади. Давраларда унинг ижросидаги куйга рақс тушиш одат тусига кира бошлайди. Кавказда «Андижон полькаси» илк бор янграган рестораннинг ҳам номи «Андижон полькаси»га ўзгартирилган.
Авлодларга бебаҳо мерос
Умрбоқий асарлар асрлар давомида мангу яшайди. «Андижон полькаси» ҳам узоқ йиллар давомида ана шу умрбоқийлик мақомини ўзида мужассам этиб келмоқда. Бирор кун, тадбир, тантана йўқки, у янграмаган бўлса...
«Андижон полькаси», айниқса, андижонликлар учун ўзгача фахр туйғусини бахш этади. Ҳар йили вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ушбу куйга ижро этилган рақс тадбирлари ташкиллаштирилади. Бошига дўппи, эгнига оппоқ яктак кийиб, белига белбоғ боғлаганча хиром айлаган ёшларни кўрганимизда халқимизнинг ул маданий мероси авлодлар оша бардавом бўлишига ишончимиз ортади.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг