“Араб” КСЗ: 15 миллиард сўмлик инвестиция доирасида 100 турдан ортиқ кабел маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда

12:00 23 Февраль 2026 Жамият
535 0

Бувайда туманининг олис чўл ҳудудида ташкил этилган “Араб” кичик саноат зонасида ўтган қисқа вақтда ўнлаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Бувайдалик тадбиркорлар ташаббуси билан ўз фаолиятини бошлаган корхоналарда илгари хориждан импорт қилинган юзлаб турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Кичик саноат зонасида ишга туширилган “Wire cable sistem group” корхонасида бугунги кунда 100 турдан ортиқ сифатли кабел маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, мамлакатимиз бўйлаб ички бозор эҳтиёжи учун етказиб берилаётир.

Дастлабки босқичда 15 миллиард сўм инвестиция киритиш ҳисобига ўз фаолиятини бошлаган корхонада бугунги кунда 40 нафарга яқин маҳаллий ёшлар меҳнат қилмоқда. Корхонада хориждан энг замонавий технологиялар олиб келиб ўрнатилган бўлиб, маҳаллийлаштириш дастури доирасида керакли хомашёнинг салмоқли қисми ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларидан олинади.

Айни пайтда жаҳон андозалари даражасидаги маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш салмоғи ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, қўшни Қирғизистон ва Тожикистон бозорида ушбу маҳсулотлар аллақачон харидоргир бўлиб улгурди. Ўзаро келишувга кўра, яқин вақт ичида корхона маҳсулотларини Афғонистонга экспорт қилишга киришилади.

Шунингдек, мамлакатимизнинг 12 та вилоятида корхонанинг савдо нуқталари ташкил этилган бўлиб, барча турдаги кабеллар улгуржи нархда етказиб берилмоқда.

—Фаолият кўлами ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш мақсадида саноат зонаси ҳудудидан қўшимча 2 гектар ер олиш мақсад қилинган,—дейди корхона раҳбари Элмурод Насимов.—Бунинг самараси сифатида жорий йилнинг иккинчи чорагида мисни эритиб, қайта ишлаш цехи ишга туширилади. Ҳозирда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари жадал давом этмоқда. Бу лойиҳа учун корхонанинг ўз маблағи ҳисобидан 5 миллиард сўм инвестиция киритилади.

Тадбиркорнинг қайд этишича, Президентимизнинг тадбиркорларга яратиб бераётган имкониятлари, солиқ ва божхона имтиёзлари янада каттароқ марраларни забт этишга ундаётир. Ўз навбатида Ҳукумат комиссияси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги доимий равишда юзма-юз мулоқотлар ўтказиб, муаммоларини ечиб бермоқда. Яқинда тадбиркорнинг навбатдаги мурожаати ижобий ҳал этилиб, корхонада электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш учун янги трансформатор ўрнатилди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер