АҚШлик конгрессменлар Мексикада махсус операция бошлашга чақирди
Иллюстратив фото
АҚШнинг республикачи конгрессменлари Ден Креншоу ва Майк Уолс Вашингтонни Мексикада наркотик картелларига қарши курашиш учун ҳарбий махсус операция ўтказишга чақирди. Бу ҳақда Американинг "Politico" журнали ёзмоқда.
Америкалик парламентарийлар гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш мақсадида қўшни давлатда ҳарбий куч ишлатишга рухсат берувчи тегишли қонун лойиҳасини таклиф қилишган. Уларнинг фикрича, мексикалик картелларга «Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД) террорчилик гуруҳи билан бир хил муносабатда бўлиш керак.
Ўз навбатида, АҚШ президенти Жо Байден, аксарият демократлар сингари, Мексикада ҳарбий куч ишлатиш ва наркотик картелларини террорчи ташкилотлар сифатида тан олиш ғоясини рад этди.
АҚШ Армияси генерали Марк Милли ҳам Мексикага қўшин киритилишига қарши бўлиб, наркотик моддалар савдосига қарши кураш ҳарбийларнинг эмас, ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлади.
Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари маълумотларига кўра, 2021 йил августидан 2022 йил августигача 107,700 нафардан ортиқ америкаликлар гиёҳванд моддалар билан заҳарланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Бу ўлимларнинг 66 фоизи синтетик опиоидлар (улар, асосан, Мексикадан етказиб берилади) билан боғлиқ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг