АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик йигит вафот этди
«Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиати Муҳаммадюсуф Фахриддинов АҚШда вафот этди. Бу ҳақида жамғарманинг расмий Telegram-каналида хабар берилди.
Маълум бўлишича, Муҳаммадюсуф Фахриддинов «Stony Brook» университетида компьютер технологиялари ва информатика йўналиши бўйича бакалавриатнинг 4-босқичида таҳсил олаётган бўлган.
«Ушбу хабар ўз келажагини илм-фанга ва Ватанга хизмат қилиш билан боғлаган, мақсад сари интилувчан, иқтидорли йигит сифатида таниган яқинлари, дўстлари ва барчанинг қалбини чуқур ларзага солди. Муҳаммадюсуф ўзининг мақсадга интилувчанлиги, юксак даражадаги тайёргарлиги ҳамда танлаган соҳасига чин дилдан садоқати билан ажралиб турган», — дейилади жамғарма хабарида.
Ҳозирда «Эл-юрт умиди» жамғармаси Ташқи ишлар вазирлиги, консуллик идоралари билан доимий алоқада, воқеа юзасидан барча ҳолатларни аниқлаш мақсадида ваколатли идоралар билан ҳамкорлигини давом эттирмоқда. Марҳумни Ватанга олиб келиш билан боғлиқ барча ташкилий масалалар Жамғарманинг тўлиқ назоратида ва тегишли идораларни жалб қилган ҳолда амалга оширилиши кутилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг