АҚШда Бухоро ва Сирдарёда рўй берган нохуш ҳодисалардан жабрланганларни қўллаб-қувватлашмоқда

02:10 04 Май 2020 Жамият
2361 0

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, АҚШнинг расмий ва экспертлик доиралари, шунингдек, ушбу мамлакатда яшовчи ватандошларимиз жамияти Бухоро ҳамда Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий офатлардан жабрланганларга ҳамдард эканлигини билдириб, қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини таъкидлашмоқда.

Жумладан, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи, элчи Элис Уэллс «Твиттер»даги саҳифасида шундай деб ёзади:

«Қалбларимиз бугун Сирдарё ва Туркистон аҳолиси билан бирга. Биз Ўзбекистон ва Қозоғистон билан елкадошмиз ҳамда биргаликда қайта тиклаймиз».

АҚШдаги етакчи таҳлил марказларидан бири бўлган Халқаро стратегик тадқиқотлар ассоциацияси президенти Грегори Купли ҳам ўз интервьюсида шу бўйича фикрларини билдириб ўтди.

“Ўзбекистон бутун дунё ва айниқса, Марказий Осиёни қоплаб олган коронавирус пандемиясига қарши қандай самарали кураш олиб бораётганини кўришдан хурсандман, — деди у. — Афсуски, яқинда мамлакат йирик табиий офатлар — Бухорода довул ва Сирдарё вилоятида сув тошқинларига дучор бўлди.

Бугун бутун дунё Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида республика ҳукумати фожианинг биринчи кунларидан бошлаб мамлакатнинг ушбу ҳудудларида жабрланган аҳолига ҳар томонлама кўмак бераётгани, табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича ўз вақтида самарали чора-тадбирлар қабул қилаётганига гувоҳ бўлиб турибди.

Юзага келган қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида янги COVID-19 вируси билан курашишда давом этяпти. Бу ўзбек халқининг қатъиятини намоён этади ва Марказий Осиё учун намунадир. 

Ўзбекистон табиий ҳодиса оқибатларини тезда бартараф этишига ишонамиз. Биз, бу ерда, Вашингтонда бўла туриб жабрланган инсонларга эсон-омон, сиҳат-саломат бўлишини сўраб дуо қиляпмиз ва тезда оёққа туришларини тилаб қоламиз”.

Маълумот учун, Халқаро стратегик тадқиқотлар ассоциациясида 200дан ортиқ эксперт фаолият олиб боради. Ушбу ташкилот ҳар ойда нуфузли «Defense & Foreign Affairs» журналида тадқиқот материалларини нашр этиб боради. Улар асосан АҚШнинг Хитой, Россия, Эрон, шунингдек, Яқин Шарқ ва Осиё минтақаси билан алоқаларига бағишланади.

«Туркистон-Америка ассоциацияси» раиси Абдулла Хўжа ўзининг видеомурожаатида эса қуйидагиларни таъкидлади:

“Биз куни Кеча Сирдарёдаги тўғон ўпирилиши ҳақида келиб тушган хабарни алоҳида хавотир ва қайғу билан кутиб олдик. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва барча ўзбек халқига ўз ҳамдардлигимизни билдирамиз.

Табиий офатларда қурбонлар бўлмагани ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан маҳаллий аҳолини зудлик билан эвакуация қилиш ҳамда уларга зарур ёрдам кўрсатиш бўйича дарҳол чора-тадбирлар қабул қилинганидан хурсандмиз.

Ўзининг кўҳна тарихи давомида кўплаб синовлардан ўтган халқимиз бу қийинчиликларни ҳам ўзаро бирлик ҳамда жипслик руҳида мардонавор енгиб ўтишига ишонамиз.

Рамазоннинг бугунги баракатли кунларида халқимиз ушбу офатлар оқибатларини тезроқ енгиб ўтишлари учун дуо қиламиз”.

«Туркистон-Америка ассоциацияси» 1958 йилда АҚШнинг Филаделфия шаҳрида асли ўзбекистонлик бўлган инсонлар томонидан асос солинган биринчи нодавлат, нотижорат ўзбек жамоатчилиги ташкилотидир. Унинг аъзолари сони қарийб 3 минг нафар бўлиб, шулардан 80 фоизидан ортиғининг келиб чиқиши Ўзбекистон ҳисобланади. Улар АҚШ ва Канаданинг турли штатларида истиқомат қилишади.

Питтсбург университети профессори Женнифер Муртазашвили эса Сирдарё вилоятидаги барча жабрдорларга ўзбек тилида мурожаат йўллади:

“Ассалому алайкум азиз дўстлар!

Мен Сирдарё вилоятида яшадим. Мен у жойларни жуда яхши биламан, мен жуда соғиндим!

Сардобалик дўстларим, мен дардингизга шерикман!

Жуда ҳам ачиндим!

Сирдарё вилоятидаги тошқиндан жабр кўрган барча одамларга ўз ҳамдардлигимни билдираман. Кучли бўлиб қолишингизни сўрайман.

Бизнинг қалбимиз сизлар билан! Биз биргамиз!”

Женнифер Муртазашвили Питтсбург университети Жамоатчилик ва халқаро алоқалар олий мактабидаги Халқаро ривожланиш дастури директоридир. У Марказий Осиё ва Афғонистон ҳақида қатор китоблар муаллифидир. Ўзбекистонда Халқаро тараққиёт бўйича АҚШ агентлиги ходими, АҚШ Тинчлик корпуси волонтёри ва Жаҳон банки маслаҳатчиси лавозимларида фаолият олиб борган.

Саиджон МАХСУМОВ

(«Халқ сўзи») тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер