АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар қачон бошланиши маълум бўлди
Покистоннинг Исломобод шаҳрида АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар 11 апрель куни бошланади. Улар бир неча кун давом этиши кутилмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Нашр суҳбатдошининг қайд этишича, учрашув ёпиқ форматда ўтади. Музокараларни Серена меҳмонхонасида ўтказиш режалаштирилган, ҳозирда объект АҚШ ва Эрон делегацияларини қабул қилишга тайёрланмоқда.
Бундан олдин (8 апрель куни) Покистон Ахборот ва телерадиоэшиттириш вазирлиги музокаралар билан боғлиқ тадбирларга кириш учун рухсатномаларни расмийлаштириш мақсадида Ислом Республикасида аккредитациядан ўтган хорижий ОАВ вакилларининг маълумотларини сўраб олди.
Исломободда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Ҳукумат бинолари мажмуаси жойлашган «Қизил ҳудуд» ва унга туташ ҳудудлар махсус транспортлардан ташқари барча турдаги транспорт воситалари учун тўлиқ ёпилган.
Маълумотларга кўра, музокаралар ўтказилиши муносабати билан Покистон пойтахтида 9 ва 10 апрель кунлари дам олиш кунлари деб эълон қилинди. Шаҳар маъмуриятининг билдиришномасига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари, тиббиёт муассасалари ва коммунал хизматлар одатий тартибда ишлашда давом этади. Исломобод аҳолисига ўз иш жадвалларини ушбу ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда режалаштириш тавсия этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка етакчиси Дональд Трамп Ҳўрмуз бўғози зудлик билан очилиши шарти билан АҚШ Эронни бомбардимон қилишни икки ҳафтага тўхтатишини маълум қилган эди.
Эрон ҳукумати сулҳга розилигини тасдиқлади. Теҳроннинг расмий баёнотида айтилишича, мамлакат «буюк ғалабага эришди ва жиноятчи Американи ўзининг ўн банддан иборат режасини қабул қилишга мажбур этди».
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи алоҳида хабарида икки ҳафта давомида кемалар Эрон ҳарбийлари билан ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирган ҳолда Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишлари мумкинлигини тасдиқлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу маъмурияти яҳудий давлати АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эрон билан икки ҳафталик сулҳ тузиш қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг