АҚШ ва Буюк Британия Яман ҳудудини яна бомбардимон қилди
Фото: U.S. Air Force
АҚШ ва Буюк Британия ҳарбийлари Яманнинг Ел-Байда музофотидаги ҳусийлар позицияларига янги ҳаво ҳужумларини амалга оширди.
“АҚШ ва Британия сешанба куни Яман пойтахти Санадан жануби-шарқда жойлашган Ел-Байда музофотидаги казармаларга зарба берди. Америка ва Британия самолётлари Мукайрас тумани ҳарбий лагери, Ат-Таффа қалъаси ҳудудидаги “Ансор Аллоҳ” ҳаракати объектларини ҳамда Ас-Савма туманидаги объектларни бомбардимон қилди”, — дейилади манбада.
Вашингтон ва Лондон рейдни ҳусийлар Адан кўрфазида АҚШ кемасига ракета ҳужуми уюштирилганини эълон қилганидан бир кун ўтиб амалга оширган.
Ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталарида Яманнинг шимолини бошқараётган “Ансор Аллаҳ” (ҳусийлар) Ғазо секторидаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қизил денгиздаги Исроил билан боғлиқ кемаларга ҳужум қила бошлади. Бунинг натижасида Сувайш канали орқали юк ташиш кескин камайиб кетди.
АҚШ, ўз навбатида, бошқа ўнта давлат билан бирга кемаларни ҳимоя қилиш бўйича операция бошланганини эълон қилди. “Ансор Аллоҳ” бу коалиция аъзоларининг кемаларига ҳужум қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши ҳақида огоҳлантирди. Ҳусийлар ва АҚШ ҳарбийлари ўртасида денгизда бир неча бор тўқнашувлар содир бўлган.
Ўтган жума куни кечқурун АҚШ ва Буюк Британия Яманнинг тўрт вилоятидаги нишонларга ҳаводан зарбалар бериб, “Ансор Аллоҳ” ҳаракатига қарши операция бошлади. АҚШ президенти Жо Байден буни ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш имкониятини инкор этмасдан, навигация эркинлигига таҳдидга жавоб деб атади.
Ҳусийларнинг айтишича, жавоб ракета ҳужуми натижасида Қизил денгизда АҚШ ҳарбий кемасини чўктиришга муваффақ бўлинган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг